Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясига қаратилган Президент Фармонига кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.
Қуйидагилар таъқиқланади:
- уй қурувчилар – жисмоний ва юридик шахсларга, асосий фаолият тури сифатида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи ташкилотлар бундан мустасно, мустақил равишда (хўжалик усулида), қурилиш ташкилоти билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;
- аҳоли пунктлари ҳудудларининг функционал зоналарида жойлашган, бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли кўп квартирали уйларни қуриш;
- лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан мавжуд бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш);
- ўзгартирилган лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан қурилаётган бино ва иншоотларнинг қаватлари сонини (лойиҳа ҳужжатларини ўзгартириш йўли билан) кўпайтириш.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб қурилиш устидан жамоат назоратини таъминлаш мақсадида:
а) аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади. Бунда аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамаси қуйидаги тартибда амалга оширилади:
I босқич – фуқароларни жамоат муҳокамасини ўтказиш муддатлари, жойи ва тартиби билан таништириш;
II босқич – аҳоли пункти бош режасининг лойиҳаси бўйича жамоат муҳокамаларини (яшовчилар, ердан фойдаланувчилар ва кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг муҳокамалари, ижтимоий сўровлари, фикрларини тўплаш ва бошқа усуллар) ўтказиш;
III босқич – жамоат муҳокамасининг қайд этилган натижалари асосида жамоат фикрини таҳлил қилиш;
IV босқич – жамоат муҳокамаси натижалари ҳақида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғи орқали аҳолини хабардор қилиш;
б) аҳоли пунктлари бош режаларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатларига мувофиқлиги юзасидан жамоат экспертизасини амалга ошириш имконияти жорий этилади;
в) аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоат назорати субъектларининг ташаббусига кўра аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш ёки унга ўзгартириш (тузатиш) киритиш механизми жорий этилади;
г) аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамасини ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.