Электр тармоқларидаги узилишида асосан 2 та йирик омил мавжуд. Биринчиси, бу электр тармоғига турли техник ва иқлим шароитлари билан боғлиқ таъсирлар. Иккинчиси, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги тафовут тизимнинг яхлитлигига, барқарор фаолиятига салбий таъсир этганда маълум техник шартлар асосида тармоқдан жадвалли узишлар содир бўлади. Бу ҳақда бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов маълумот берди.
Электр узилишига иқлим шароитлари, масалан, тармоқ симларига дарахт шохларининг тегиши (ёки сим арқонлари), қурилиш ишларида йўл қўйиладиган эҳтиёткорсизлик, кучли шамол ва ёмғирлар таъсир қилади.
Электр ускуна ва жиҳозларининг эскириши туфайли носоз ҳолга келиши ёки 200 та хонадонга мўлжалланган трансформаторларга 300–400 та хонадоннинг уланиши оқибатида ҳам носозликлар келиб чиқади. Бундай пайтда истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилиб турилади.