Давлат маблағини қаерга ва қандай ишлатаётганини ҳамма кузатиб бориши айрим идораларда давлат ҳаридларини ёпиқ амалга оширишга интилишни кучайтириши мумкин. Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга алоҳида давлат ҳаридлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.
Унга кўра, давлат ҳариди режасини, давлат ҳаридини амалга ошириш учун эълонларни махсус порталга жойлаштирмаган мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жаримага тортилади.
Агар мансабдорлар давлат хариди бўйича эълонлар ва харид ҳужжатларига таъқиқланган ва рақобатни чекловчи маълумот, ҳаволалар, талабларни киритса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима тўлайди.
Қонун лойиҳаси билан давлат ҳаридлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқа ҳолатларда бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.






