Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар қилди...
2020 йил 3 октябрь куни фуқаро Х.Р. Хоразм вилоят прокурори номига ариза билан мурожаат қилади. Унда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси А.С. унинг даъво аризаси асосида фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг судьяси Ж.М. томонидан кўриб чиқилаётган жавобгар Г.М.га нисбатан Хива шаҳри, Лолазор маҳалласи, Зуҳра кўчасида жойлашган 800 квадрат метр ер майдонидан иборат қурилиши тугалланмаган уй-жойнинг олди-сотди шартномасини бекор қилиш ҳақидаги фуқаролик ишини судья Ж.М.га пора берган ҳолда ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари беришини талаб қилаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу ариза асосида Хоразм вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, 2020 йил 4 октябрь куни соат 14:30 ларда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси А.С. фуқаро Х.Р.га тегишли Урганч шаҳар, Темир-йўлчи маҳалласи, Ёшлик кўчаси, 26Б-уй, 22-хонадонда талаб қилинган 10 000 АҚШ долларидан кимёвий ишлов берилган 1 200 АҚШ долларини олган вақтида, ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.
Судьялар олий кенгашининг А.С.ни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 28, 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисидаги 2020 йил 5 октябрдаги хулосаси ҳамда Олий суд Пленумининг А.С.ни жиноий жавобгарликка тортиш ва қамоққа олишга розилик бериш тўғрисида 2020 йил 5 октябрдаги қарори чиқарилган.
Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 5 октябрдаги қарори билан А.С. лавозимидан озод этилиб, ваколати муддатидан илгари тугатилган.
Ҳозирги кунда ушбу жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.