Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, яна учта тиббиёт муассасаси одатий иш фаолиятига қайтди.
Мамлакатимизда коронавирус хавфининг нисбатан камайгани, касалликка чалинган беморлар сони сезиларди даражада қисқаргани сабаб инфекцияни даволаш билан шуғулланаётган бир неча шифохоналар одатий иш режимига қайтиб, бошқа турдаги беморларни қабул қила бошлаётгани ҳақида хабар бериб бормоқдамиз.
Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан, яна учта шифохона: Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, Тошкент шаҳар перинатал маркази ва Тошкент шаҳар 3-сон юқумли касалликлар шифохоналарини ўз йўналиши бўйича дастлабки тартибда фаолиятини давом эттириши белгилаб берилди.
Ушбу шифохоналар жорий йилнинг 2 декабридан бошлаб коронавирус чалинган беморларни қабул қилишни тўхтатади, касалхоналардаги даволаниш давом эттирилиши талаб этиладиган беморлар тегишлилиги бўйича 1- ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.
Беморлар чиқарилгандан сўнг муассаси ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилади ва эпидемияга қарши чоралар кўрилиб, мавжуд тиббий жиҳозлар консервация қилинади. Инфекцияни даволашда қўлланилаётган дори воситалари заҳира сифатида сақланади.






