Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йғилишда қайд этилишича, сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларни ҳам илмий ечимлар орқали ҳал қилиш мумкин. Хусусан, суғоришда сув тежовчи технологияларни қўллаш кенгайиб бормоқда. Лекин бунда ўғитларни тўғри эритиш, суғориш вақтини аниқлаш, муддатида техник хизмат кўрсатиш бўйича тизим ташкил этилмаган. Ёмғирлатиб суғориш бўйича илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этиш ҳам оқсамоқда.
Шу боис Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида сув тежовчи технологияларга хизмат кўрсатадиган қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
Хорижий молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган ирригация объектларини лойиҳалаштириш ишларига чет эллик мутахассислар билан бирга маҳаллий олимларни ҳам жалб қилиш муҳимлиги айтилди. Мисол учун, Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқариш бўйича 215 миллион долларлик лойиҳанинг 8 миллиони илмий изланишларга йўналтирилган.
Хоразмда ташкил этилган Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази орқали вилоятдаги ирригация иншоотларини қайта лойиҳалаштириш, сув ресурсларини тўғри режалаштириш лозимлиги қайд этилди.