Аввал хабар бергaнимиздек, 16 декабрь куни соат 16:30 ларда Чилонзор туманидаги “Тошкент савдо маркази” комплекси ҳудудидаги 5-блок, “G” қатор, 127-савдо дўкони олдида 1995 йилда туғилган Н.М. акаси, 1991 йилда туғилган О.М.ни ўнг кўкрак қўлтиқ ости соҳасига бир маротаба пичоқ билан уриб, ўлдирган.
Ушбу мудҳиш қотиллик тафсилотлари "Бу кун" дастурида маълум қилинди.
Ушбу бозорда савдо қилувчи, воқеага гувоҳ бўлган фуқароларнинг айтишича, ҳар икки йигит ҳам мазкур бозорда ишлаб келишган. Ўша кунгги ака-ука ўртасидаги жанжал пул мажоросидан келиб чиққан. Улар дўкондаги товар ва у билан боғлиқ пул юзасидан тортишиб қолишган ва вазият жиддийлашиб кетган. Ука ўзи ишлайдиган дўкондан пичоқни олиб, акасининг ўнг кўкрак қафасига тиқиб олган, одамлар аралашуви билан ука бошқа томонга, ака эса бошқа томонга кетган. Бироқ, бир неча қадам юргач, жабрланган йигит кўп қон йўқотигани сабаб йиқилган. Уни Зангиота туманидаги шифохонага олиб боришган, бироқ кўрсатилган ёрдамга қарамай, жабрланувчи О.М. вафот этган.
Ҳолат юзасидан маълумот берган Чилонзор тумани ИИБ Тергов бўлими терговчисига кўра, марҳум бир неча марта Жиноят кодексининг турли бандалари билан судланган. Айдбор ука ҳам шу йилнинг август ойида жиноят содир этган бўлиб, ҳозир ушбу жиноят тугалланмай туриб, қайта жиноятга қўл урган. Маълум қилинишича, ҳозирда айбдор ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.






