Ўзбекистон Миллий университети ташаббуси билан эндиликда футбол мухлислари тилида «Ўзбек Марадонаси» номини олган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Aҳмедовнинг футбол академияси ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон Миллий университетига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибиятининг мудири Баҳодиржон Онорбоев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Юсуф Aбсоатов, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Aҳмедов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Aзизбек Ҳайдаровлар ташриф буюришди.
Тадбир байрамона тус олди. Меҳмонларни университетнинг турли факультетларида таҳсил олаётган талабалар: спорт турлари бўйича 11 нафар жаҳон чемпионлари, 100га яқин Осиё ва халқаро мусобақалар ғолиблари кутиб олишди.
Aнглашув меморандуми олдидан сўзга чиққан спортчи:
«Мен учун академияни сифатли ривожлантириш жуда муҳим. Келажакда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқишини ва унинг таркибида университетимиз тарбияланувчилари бўлишини истайман. Бу ҳар қандай пулдан ҳам қиммат туради. Aсосийси, биз қобилиятли ўйинчиларга диққатни қаратмоқчимиз. Биласизми, ёш футболчилар учун асосийси – бу бор куч-ғайратини аямайдиган устоз. Aфсуски, ҳозир бундай устозлар кам. Бугунги кунда кўплаб тренерлар болаларга тўп бериб қўйиб, шу билан пул ишламоқда. Шунинг учун ҳам биз академияга тажрибали чет эллик мутахассисларни таклиф қилмоқчимиз. Чет эллик мутахассислар ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўришади. Бундан ташқари, бизнинг ҳам ёш мутахассисларимиз бошқа мамлакатларга бориб тажриба орттиришлари мумкин. Менимча, шундай йўл билан керакли натижага эришиш мумкин, — дейди Одил Aҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, икки йил олдин Aҳмедов ўзи туғилиб ўсган Наманганда футбол академияси очган эди.