2020 йилнинг 27 декабрь куни Музработ тумани, "Оби ҳаёт" маҳалласида яшовчи фуқароларнинг электр энергия таъминотидаги узилишдан норози бўлиб, кўчада балон ёқишаётгани ҳолати акс этган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан туман туман ҳокимлиги муносабат билдирди.
Унда айтилишича, 25 декабрь куни маҳалла ҳудудидаги 630 кВА кучланишга эга трансформаторнинг ишдан чиқиши оқибатида электр таъминотида узилиш юзага келган.
26 декабрь куни бу ерга қуввати 400 кВА кучланишга эга бошқа трансформатор ўрнатилган. Аммо совуқ об-ҳаво туфайли электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши натижасида ушбу ускуна ҳам ишдан чиққан.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган маълумотга кўра, "Оби ҳаёт" маҳалласида 545 та хонадон бўлиб, ҳудуддаги 630 кВА кучланишга эга трансформаторнинг 25 декабрь куни ишдан чиқиши оқибатида 165 та хонадоннинг электр таъминотида узилиш юзага келган.
Ҳозирда муаммо бартараф этилган. 27 декабрь кунининг ўзида 630 кВА кучланишга эга янги трансформатор ўрнатилиб, аҳоли электр энергия билан таъминланган, дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотда.






