"UzAuto Motors" АЖнинг Юридик департамент директори Рустам Шаймардонов ОАВ ва ижтимоий тармоқларда журналистика, шунингдек, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш этикасига риоя қилинмай, давлат ва хизмат сири ҳисобланган маълумотларни ошкор қилиш, бўҳтон, ёлғон, асоссиз маълумотлар тарқатиш, ҳақорат ва туҳмат қилиш ҳаракатлари билан тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳисобланган “UzAuto Motors”АЖнинг ишчанлик обрўсига ва жамиятнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ҳамда манфаатларига зиён етказиш тегишли қонунларнинг моддаларига мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлишини эслатиб қўйди.
У ўзининг чиқишида автомобил саноатининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳамда сўнгги пайтларда эришилган ютуқларга ҳам тўхталди.
" - Сўнгги йилларда мамлакатда ахборот олиш эркинлиги ва кафолатларининг таъминланишига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ, ҳозирги кунда айрим ОАВ, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай имкониятларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда “Махсус буюртма” асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатиб борилаётганлиги, нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Биринчидан, бундай хабарлар тарқалиши жорий йилнинг август-сентябр ойларида “УзАутоМоторс”АЖ кунлик тушумини қарийб 30-40 млрд. сўмга кескин камайишига ёхуд жорий йилнинг август-сентябр ойларида белгиланган режани 562 млрд. сўмга кам бажарилишига сабаб бўлган.
Бундай йўқотишлар албатта, Жамиятнинг мазкур тушумларга мутаносиб равишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўсқинлик қилган.
Маблағ тақчиллиги юзага келиши натижасида сентябр ойида режалаштирилган аккредитив тўловлари ва хорижий ҳамкорларга йўналтириладиган тўловлар октябр-ноябр ойларида кечиктириб тўланган.
Иккинчидан, ушбу хабарлар Ўзбекистон инвестиция жозибардорлигига салбий таъсир кўрсатиб, аксарият инвесторларда юртимизга инвестициялар олиб киришида иккиланишлар пайдо қилмоқда.
Учинчидан, хорижий ҳамкорлар билан Жамиятнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 млн. евро миқдоридаги давлат аҳамиятига молик ҳамкорлик келишувини кечикишига ҳам айнан шундай хабарлар сабаб бўлган," дейди Рустам Шаймардонов.






