31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси Қамчиқ довонида сув хўжалиги вазири ўринбосарининг оила аъзолари бўлган автомобиль ҳалокатга учради. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.
ЙТҲ оқибатида вазир ўринбосарининг рафиқаси ва 3 ёшли қизи вафот этган, амалдорнинг ўзи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
2 январь куни Тошкент шаҳрида дафн маросими ўтказилган.
Наманган вилоят ИИБ ахборот хизмати ЙТҲ тафсилотлари бўйича қуйидагича ахборот берган:
"2020 йил 31 декабрь куни соат 23:00 ларда, А-373 Тошкент – Ўш йўлининг Поп тумани "Қўшминор" МФЙ ҳудудидан ўтувчи 258-километрида Тошкент – Қўқон йўналиши бўйича “Chevrolet Gentra” русумли автомашинасини бошқариб келаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Chevrolet Gentra” автомашинасининг орқа чап томон қисмига урилиб кетган.
Натижада, олдиндаги “Chevrolet Gentra” русумли автомашинаси йўл четига чиқиб кетиб, қияликка ағдарилиб кетган. Ҳайдовчининг автомашина салонида бўлган 1986 йилда туғилган турмуш ўртоғи ва 2017 йилда туғилган қизи олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича Поп туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 1 январь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган".
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати қўшимча маълумот беришича, ЙТҲга учраган вазир ўринбосари Воҳид Аҳмаджонов бўлган, у шахсий автомобилида ҳаракатланган ва оиласи билан янги йил байрамини нишонлаш учун водийга кетаётганди.






