my5
Sevimli

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди

СИЁСАТ 06.01.2021, 21:54
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди

2021 йил 6 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Ўзбекистон 24” ва “Узрепорт” телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Сенат аъзолари томонидан 5 та масала, шу жумладан, 3 та қонун муҳокама қилинди.

Ялпи мажлисда сенаторлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Жумладан, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини қонун даражасида мустаҳкамлаш ҳамда Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш бўйича фаол иш олиб бориш зарур.   

Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш, Сенатнинг тегишли қўмитаси ва Сенат девонининг масъул таркибий бўлинмалари билан биргаликда ушбу вазифани амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш лозим. 

Хусусан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуси билан бирга аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни манзилли ўрганиб бориш мақсадга мувофиқ. 

 

Шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, бу борадаги ўрганишлар ва таҳлилларни янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилда Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссияга раислик қилиш Сенатга ўтади. Шу боис, Комиссия фаолиятини янада кучайтириш энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу боис маҳаллий Кенгашлар жорий йилда бугунги кунгача маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиб бориш, маҳаллий бюджет ижросига масъулият билан ёндашиш, ҳар бир туман ва шаҳарда  камбағалликни қисқартириш бўйича ишлаб чиқиладиган манзилли дастурнинг ижроси бўйича ҳисоботни эшитиб, муҳокама қилиб бориш, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” бўйича чора-тадбирлар дастурларининг ижросига жиддий эътибор қаратиш, ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуд аҳолиси, сайловчилари билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиши, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиши зарурлигига тўхталиб ўтилди.

 Сенат Раиси ўринбосари раҳбарлигида Ишчи гуруҳ тузилиб, Ҳаракатлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиши кераклиги билдирилди. 

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.

“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
  • маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Жамият ва давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини амалиётда ифодалаш ва ҳимоя қилиш механизми яратилади. Аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш ва аҳолининг турмуш даражасини кўтариш имконияти вужудга келади.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, мазкур Кодекс қурилиш фаолиятини янада такомиллаштиришга йўналтирилган.

Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.

Шундан сўнг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётганди. Бунга жавобан “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.

Қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини белгилаш, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, маданият ташкилотларини давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини такомиллаштириш, маданият тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ва бошқа қатор муҳим масалалар қамраб олинмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини оширади ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинишини таъминлайди.

Шунингдек, халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг имижини ошириш билан бир қаторда халқлар ва минтақалар ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+3° дымка
Валюта курси
10473.20
USD 23.76
12796.16
EUR 34.26
141.29
RUB 0.84