АсосийIqtisodiyot

Марказий банк одамлар қўлида қолиб кетган эски намунадаги танга ва қоғоз пулларни алмаштириб олишлари учун яна 1 йил муддат берди

'Марказий банк одамлар қўлида қолиб кетган эски намунадаги танга ва қоғоз пулларни алмаштириб олишлари учун яна 1 йил муддат берди'ning rasmi

Марказий банк маълумотига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек, 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида”ги низомга (Адлия вазирлигида 2018 йил 19 майда 3014-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан:

▪️1997 йилда ишлаб чиқарилган 200 сўмлик;

▪️1999 йилда ишлаб чиқарилган 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлдан қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган.

Уларнинг ўрнига 2018 йилдан буён 200 ва 500 сўмлик тангалар доимий равишда муомалага чиқариб борилмоқда.  

2020 йил 1 июлдан буён ушбу номиналдаги банкнотлар, шунингдек, 50 ва 100 сўмлик тангалар ва банкнотлар  фақат Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан қабул қилиниб, муомаладаги пул белгиларига алмаштириб берилмоқда.

Таҳлил ва мурожаатларга кўра, аҳоли қўлида ҳануз маълум миқдорда эски намунадаги 50, 100, 200 ва 500 сўмлик тангалар ва банкнотлар сақланиб қолмоқда.

Марказий банк бошқарувининг 2021 йил 9 январдаги йиғилишида эски намунадаги 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотлар ва тангаларни Марказий банкнинг Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан амалдаги пул белгиларига алмаштириб беришнинг охирги муддати – 2022 йил 1 январь этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

️Шу муносабат билан, Марказий банк барча фуқароларга қўлида қолиб кетган эски намунадаги 50, 100, 200 ва 500 сўмлик тангалар ва банкнотларни 2022 йилнинг 1 январига қадар Марказий банкнинг жойлардаги Ҳисоб-китоб касса марказларида муомаладаги пул белгиларига алмаштириб олишлари мумкинлигини маълум қиляпти.

 

    Бошқа янгиликлар