my5
Sevimli

Жанубий Корея Президенти Ўзбекистон билан Эркин савдо шартномасини тузишни тезлаштиришди

СИЁСАТ 12.01.2021, 19:07
Жанубий Корея Президенти Ўзбекистон билан Эркин савдо шартномасини тузишни тезлаштиришди

Жанубий Корея Ўзбекистон билан Эркин савдо шартномасини (ЭСШ) тузиш бўйича ишларни тезлаштиради. Бу ҳақда Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин ўзининг корейс халқига йўллаган Янги йил мурожаатида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

«Биз Филиппин, Камбоджа ва Ўзбекистон билан ЭСШ музокараларини тезлаштириш орқали Янги Жанубий ва Янги Шимолий сиёсат бўйича алмашинув ва ҳамкорликни кенгайтирамиз»,—деди Корея Республикаси Президенти.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея ҳукумати томонидан фаол илгари сурилаётган «Янги Шимолий сиёсат» Евроосиё қитъаси мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон билан турли жабҳалардаги яқин ҳамкорлик муносабатларни ривожлантиришни назарда тутади.

Корея Республикаси ҳозирга қадар Европа Иттифоқи ва Европа эркин савдо уюшмаси, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (ASEAN) каби ташкилотлар, шунингдек, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Чили, Колумбия, Перу, Хитой, Ҳиндистон, Сингапур, Вьетнам ва Туркия каби давлатлар билан Эркин савдо шартномаларини имзолаган.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкорлар саналади. Олий даражадаги мулоқотлар ва муштарак интилишлар самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи, Жанубий Корея раҳбари Мун Чже Иннинг 2019 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифи ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Мазкур тарихий ташрифлар кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси сиёсий муносабатлари халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳида давом этмоқда. Томонларнинг глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир.

Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий алоқалар жадал суръатларда ривожланмоқда, конструктив ҳамда ўзаро манфаатли сиёсий мулоқот тобора фаоллашмоқда. Корея Республикаси юртимизда саноат ва инфратузилмани диверсификациялаш ҳамда модернизациялаш бўйича устувор дастурларни амалга ошириш соҳасида етакчи технологик шерик саналади.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг алоҳида стратегик шериклик муносабатлари тенг ҳуқуқлилик ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик асосида узоқ истиқболли хусусият касб этган. Шу боис Корея Республикаси Президентининг жорий йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ЭСШни тузиш бўйича ишларнинг тезлаштириши ҳақидаги мурожаати ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада тараққий топтириш, кореялик ишбилармонларни юртимизга кенг жалб қилиш ҳамда бизнес ҳамкорликни фаоллаштириш йўлида янги имкониятларни очиши шубҳасиз.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2,755 миллиард долларни, 2020 йил январь-ноябрь ойларида – 1,908 миллиард долларни ташкил этди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+3° дымка
Валюта курси
10473.20
USD 23.76
12796.16
EUR 34.26
141.29
RUB 0.84