Ўзбекистонда сув-ботқоқ ҳудудлари қарийб бир миллион гектарни ташкил этиб, 500 дан ортиқ кўллар мавжуд.
Ушбу ҳудудлар сув-ботқоқ шароитига мослашган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой. Республика ҳудуди орқали кўчиб юрувчи қушларнинг кўплаб турлари учун сув-ботқоқ ҳудудлари қулай қўнимгоҳ бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Републикаси "Қизил китоби”га киритилган қушларнинг 37 турининг ҳаёти сув-ботқоқ ҳудудлари билан узвий боғлиқ. Шунинг учун ҳам бундай ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларда яшаш муҳитларининг барқарорлигини сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу маълумотлар бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳамда Ўзбекистон Қушларни муҳофаза қилиш жамияти ҳамкорлигида мавзуга доир ташкил этилган семинарда қайд этилди.
Шуни яна маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 1971 йил 2 февраль куни Эроннинг Рамсар шаҳрида жаҳон ҳамжамияти томонидан сув-ботқоқли ҳудудларни муҳофаза қилиш, бундай ҳудудларга кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб этиш мақсадида махсус Конвенция қабул қилинган бўлиб, айни пайтда мазкур Конвенцияга 168 та давлат аъзодир. Бугунги кунда Рамсар рўйхатига 2200 та сувли-ботқоқли ҳудудлар киритилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 2,1 млн.км.квадратни ташкил этади.
Ўзбекистон ҳам мазкур Конвенцияга қўшилган бўлиб, мамлакатимиз ҳудудидаги Денгизкул ва Айдар-Арнасой кўллар тизими Халқаро аҳамиятдаги сувли-ботқоқ ерларнинг Рўйхатига киритилган. Тадбирда таъкидланганидек эса, айни пайтда Тўдакўл кўлини ва Қуйимозор сув омборини Рамсар рўйхатига киритиш бўйича вазирлик ва идораларнинг тегишли хулосалари олинган. Экологик барқарорликни сақлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишдаги аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасидаги Судоче, Қашқадарё вилоятидаги Ачиқкўл каби қатор кўлларни ҳам Рамсар рўйхатига киритиш буйича ишлар олиб борилмоқда.