Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов томонидан олий ўқув юртларининг иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалари учун Сенатор стипендияси таъсис этилди.
Тошкент давлат юридик университети1-курсталабасиМадина Юнусова Сенатор стипендиянинг илк соҳибаси бўлди. Сенатор унга 2020-2021 ўқув йилида махсус стипендия олиш ҳуқуқини берадиган сертификат топширди.
— Конфуцийнинг шундай ҳикмати бор: “Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт кўкартир, асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, илм, билим эк”, — дейди сенатор Муртазо Раҳматов. — Юртимизда ислоҳотларнинг янги босқичида ёшларни билимли қилиш, уларга илм ўргатиш пайидан бўлинаётгани қувонарлидир. Ёшлар бамисоли ниҳол. Уларга яхши таълим-тарбия бериб, тўғри йўлга йўналиштиришга барчамиз масъулмиз. Умид қиламизки, биз таъсис қилган стипендия ёшлар қалбида билимга муҳаббат уйғотиб, катта ҳаёт остонасидаги изланувчан ва интилувчан йигит-қизлларга кичик кўмак ва рағбат бўлади.
Бухоро вилоятида туғилиб ўсган Мадинанинг энг катта орзуси ушалди. У меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига берилган имтиёздан фойдаланиб, олий ўқув юртига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Айни пайтда Тошкент давлат юридик университетининг халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олмоқда.
— Давлатимизнинг биз, ёшларга алоҳида эътиборини, ғамхўрлигини ўз ҳаётим мисолида чуқур ҳис қилиб турибман, — дейди Мадина Юнусова. — Бунга жавобан халқимизга нафим тегадиган, эл корига ярайдиган етук ҳуқуқшунос бўлиб етишишни ўз олдимга олий мақсад қилиб қўйганман. Сенатор Муртазо Раҳматов томонидан менга махсус стипендия таъсис қилиниб, ойма-ой тўлаб борилаётгани эса ўз устимда кўпроқ ишлаш, ўқиб-изланишга катта туртки бўлди. Билдирилган катта ишончни ўз муваффақиятларим билан оқлашга ҳаракат қиламан.
Учрашув сўнгида бир гуруҳ ёшларга сенатор ўз қаламига мансуб китоблар жамланмасини совға қилди.