my5
Sevimli

Сенат Раиси Жаҳон банкининг Марказий Осиё буйича минтақавий директори билан учрашди

СИЁСАТ 19.01.2021, 18:11
Сенат Раиси Жаҳон банкининг Марказий Осиё буйича минтақавий директори билан учрашди

2021 йил 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Жаҳон банкининг Марказий Осиё буйича минтақавий директори Лилия Бурунчук ҳамда Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси рахбари М.Мантованелли билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва янги йўналишларни қамраб олган ҳолда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш имкониятлари тўғрисида сўз юритилди.

Томонлар Ҳукуматнинг 2021 йилга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш режалари, шу жумладан, хусусий секторни ривожлантириш ва сармояларни жалб қилиш бўйича режалаштирилган ислоҳотларнинг навбатдаги циклини ҳам муҳокама қилди.

Бундан ташқари, Жаҳон банки томонидан ишлаб чиқилаётган мамлакат билан шериклик концепцияси доирасида молиялаштириш учун кўриб чиқишни режалаштирилган қисқа ва ўрта муддатли давлат инвестицияларининг устувор йўналишларига урғу берилди.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё буйича минтақавий директори Лилия Бурунчук иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг натижаларига юқори баҳо бериб, уларнинг ижобий динамикаси ва мамлакатни жадал ривожлантириш учун кенг истиқболлар мавжудлигини қайд этди.

Л. Бурунчукнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон кўпгина йўналишларда жуда яхши натижаларга эришди. Қолаверса, гендер тенгликни таъминлаш, шу жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшлар учун шарт-шароитларни яхшилаш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини бартараф этиш борасида Марказий Осиё минтақасида етакчилик қилади. Бундан ташқари, бугун Ўзбекистон Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларида катта муваффақиятларга эришди. Ўзбекистон Президенти парламентга йўллаган Мурожаатномасида инсон манфаатлари, халқ фаровонлигига ҳам эътибор қаратилди.  

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мантованелли таъкидлаганидек, парламент юқори палатаси Раисининг Жаҳон банки раҳбарлари билан олиб борган музокаралари натижасида қишлоқ жойларида хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 2,7 млн. АҚШ долларига тенг дастлабки лойиҳа тайёрланди. Лойиҳа жорий йилда мамлакатимизда амалга оширилиши кўзланган.

Учрашувда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, хусусан, қишлоқ жойларида фаолият бошлаган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, давлатимиз томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар  юзасидан фикр алмашилди.

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+-1° ясно
Валюта курси
10538.53
USD -15.81
12879.14
EUR 41.9
143.31
RUB -0.12