CCВ Матбуот хизматининг пластик жарроҳлик ҳақидаги саволларига Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Бобур Тоиров жавоб берди.
— Юз терисини таранглдаштириш операциялари кутилганидек чиқмаслиги ҳам мумкин, шундай эмасми?
"— Тўғри, лифтинг муолажасининг бир тури бўлган мезоиплар ёрдамида терини таранглаштириш, афсуски, доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Масалан, бундай муолажадан сўнг гематомалар, терининг кўкариб қолиши, иплар нотўғри жойлашганида тери юзаси текислигининг йўқолиши, ҳатто мезоиплар ўрни йиринглаб кетиши ҳам мумкин.
Баъзан шишлар таъсирида юз мимикаси ҳаракатига жавобгар нерв толалари сиқилиб қолади. Оқибатда юзнинг маълум қисми ишламай қолиши мумкин. Ёки иплар жойлаштирилаётганида қайсидир нерв толасига тегиб кетилса ҳам юз мимикаси йўқолади.
Мезоиплар ҳаддан ташқари тортилган бўлса, юзнинг табиий кўриниши йўқолади. Бунда қошлар юқорига кўтарилиб қолиши, ёноқлар яққол ажралиб туриши сезилади ва баъзан тери юзасида тўлқинсимон бурмалар юзага келади.
Амалиёт гигиена қоидаларига риоя этилмаган ҳолда бажарилса ёки мутахассис керакли малакага эга бўлмаса, терига инфекция тушиши эҳтимоли ортади. Бу эса ўтказилган муолажадан сўнг ортга қайтариб бўлмас асоратлар ва хунук чандиқларни пайдо бўлишига олиб келади.
Иплар тузилишига кўра фарқланади. Агар у жуда ингичка бўлса, маълум вақтдан сўнг йиғилиб қолиши ва тери юзасида сезилиши мумкин", дейди Бобур Тоиров.