«Глазго Рейнжерс» бош мураббийи Стивен Жеррард Фрэнк Лэмпарднинг истеъфога чиқарилгани ҳақида ўз фикрини билдирди.
«Албатта, Фрэнк учун афсусдаман. У мен жуда ҳам ҳурмат қиладиган собиқ жамоадошларимдан бири. Фрэнкни яхши билганим учун айта оламанки у тез орада яна мураббийликка қайтади. У ўрнидан туриб яна давом этишига ҳеч қандай шубҳам йўқ. Фрэнк ёш оила бошлиғи, тез орада ота бўлади. Бундай вақтни у оиласи билан ўтказиб, дам олиши керак.
Лэмпарднинг истеъфосини эшитиб жуда ҳам хафа бўлдим. Фикримча, «Челси» раҳбарияти бу масалада жуда шошди. Ҳар ҳолда жамоа дам олиш кунлари кубокда ғалаба қозонганди. Унинг клуб билан қандай муносабатда экани ва бу қарорни қандай қабул қилганидан бехабарман. «Челси» раҳбарияти ҳозирги вазиятда мураббий билан бундай муносабатда бўлмай, уни қўллаб-қувватлашини кутгандим. Аммо бу масалада «Челси» ўз тарихига эга, шундай экан бу мен учун сюрприз бўлмади», - дейди Жеррард.