my5
Sevimli

Анталия дунё сайёҳларининг севимли маскани. Чунки... (фотосаёҳат)

ДУНЁ 31.01.2021, 02:50
Теглар: Фото, Туркия, Анталия, фотосаёҳат, Аспендос
Анталия дунё сайёҳларининг севимли маскани. Чунки... (фотосаёҳат)

Аввал хабар қилганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун Истанбул, Анталия ва Каппадокия шаҳарларига «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида навбатдаги саёҳат уюштирилди. Бизнинг навбатдаги манзилимиз дунё сайёҳларининг севимли маскани — Анталия бўлди. 

Нега энди сайёҳларнинг севимли маскани?

Ушбу саволнинг жавобини бу ерга ташриф буюрган ҳар бир инсон топади, шубҳасиз. Аввало, сиз Анталиянинг ўзгача эканини самолёт аэропортга қўна бошлаган илк дақиқалардаёқ ҳис қиласиз. Самолёт ойнасидан чексиз уммоннинг бир учи осмон билан туташган нуқтанинг гувоҳи бўласиз. Айни пайтда дунёнинг қатор мамлакатларида ҳукмронлик қилаётган совуқ ва қиш мавсумида, бехосдан баҳор ва яшиллик сизни қамраб олади: тиниқ осмон, илиқ ҳаво, нафис шабода ва, албатта мавжланиб турган Ўрта ер денгизи. Анталия ҳар бир ташриф буюрувчи одамни ана шундай жозибадор кўринишда кутиб олади. 

Айни қиш мавсумида Анталияда ҳарорат 10-18 даража орасида бўлиб турибди, маълум қилинишича, бу мавсумга хос об-ҳаво экан. Совуқ ҳарорат ва қор жуда кам ёки қисқа муддатли бўлиши мумкин. Анталиянинг субтропик иқлими бор, шунинг учун қиши илиқ, жуда ёмғирли, ёзи эса узоқ давом этувчи, иссиқ  ва қуруқ. Ёзда ёғингарчилик камдан-кам учрайди, баъзида ёз умуман ёғинсиз ўтиши мумкин экан. Баҳор келиши билан ҳарорат кўтарилиб бориши натижасида бу масканга бутун дунёдан туристлар оқиб кела бошлайди. Яъни май ойида Анталияда туризм мавсуми бошланади. Ўрта ер денгизида эса сузиш мавсуми очиқ деб эълон қилинади. Хўш, дунёни ўзига чорлаб келаётган Анталия аслида қандай шаҳар ва унинг тарихи қанақа?

Анталия қандай тарихга эга?

Анталия Туркиянинг жанубидаги Ўрта ер денгизи соҳилидаги курорт ва порт шаҳар. Шаҳарнинг доимий аҳолиси 1 миллиондан сал кўпроқни ташкил қилади, ёзда эса фаол сайёҳлар оқими туфайли шаҳарда яшаётганлар сони 2 миллиондан ошиши мумкин. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айни пайтда Анталияда қатъий карантин қоидаларига амал қилинаётганига гувоҳ бўлдик. Туризм нуқталари, марказий кўчалар ҳамда йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ижтимоий масофа сақлаган ҳолда сифатли фаолият йўлга қўйилган. Шунингдек, туризм мавсуми ҳали очилмагани боис Анталиянинг сайёҳлар билан тўлиб-тошадиган марказий кўчаларида сокинлик ҳукмрон. 

Анталия ҳудуди шартли равишда эски ва янги шаҳарларга бўлинади. Расмий маъмурий бўлиниш 5 та туманга: Аксу, Душемеалти, Кепез, Коняалти, Муратпашага бўлинган.

Маълум қилинишича, ҳозирги Анталияда одамлар тош ва бронза давридан бошлаб яшаб келишган. Тарихда  ҳудуд Ликия ва Памфилия таркибига кирган.  Милоддан аввалги 159 йилда Пергамон қироли Атталус II буйруғи билан Атталия шаҳрига асос солинади. Ҳозир Атталус II нинг ҳайкали шаҳар марказига ўрнатилган. 

Шундан сўнг, Атталия узоқ вақт давомида Римга, кейин Византияга тегишли бўлган. Салжуқийлар экспанциясининг бошланиши билан минтақада Ислом дини ёйила бошлайди. 1207 йилда Салжуқийлар минтақани босиб олгач, Атталиянинг номини юнонча Адалия деб ўзгартирилади. 1423 йилда эса Адалия Усмонли турклари томонидан забт этилади ва шаҳар Анталия номини олади. 

Қисқа даврда ривожланган туризм

Маълумотларга қараганда, ХХ аср охирида Туркиянинг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш фонида Анталия мамлакатнинг энг муҳим сайёҳлик марказига айланган. D400 автомагистрали уни бошқа курорт зоналари билан боғлайди ва 1998 йил қисқа вақт ичида аэропортда  мамлакатдаги йўловчи ташиш бўйича учинчи ўринни эгаллади. Ҳозирги пайтга келиб эса Анталия Туркия номи билан параллел ишлатилади, дунёнинг энг номдор туризм марказларидан бирига айланди.  

Анталияга саёҳатни қаердан бошлаймиз?

Албатта, Анталияга саёҳатни соҳилда жойлашган меҳмонхонадан туриб, тонгда мавжланиб турган кўм-кўк денгизни томоша қилишдан бошлаймиз. 

Дарҳақиқат, дунёга Анталия деган ном денгиз ва одамлари гавжум соҳилни эслатади. 

Сиз ҳам эрта тонгда, ҳали қуёш нурлари ерга тушиб улгурмай, соҳилда туриб денгизни кузатар экансиз, денгиз усти бўйлаб ер ва осмонни туташтириб турган булутлар ва бутун Анталияга ранги уриб турган мовийлик гувоҳи бўласиз. 

Бундай пайтда одам сокин денгиз мавжланишидан роҳатланиш ва тўйиб-тўйиб нафас олиш орқали ҳақиқий завқни ҳис этади. Ушбу кайфият Анталиянинг энг гўзал масканларига бўлган саёҳатларнинг бошланиши сифатида муҳрланиши мумкин. Биз эса юқори кайфиятда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кашф этишда давом этамиз. 

Демак, бизни олдинда бир муддат тарихга қайтишга ундовчи қадимий Перги харобалари, асрларки ҳайбатини йўқотмаган маҳобатли "Аспендос" амфитеатри, орзулар оғушига чорловчи шаршаралар мажмуасидан тортиб, дунёда саноқли бўлган йирик аквариумга саёҳатлар кутмоқда. 

Мавзуга доир:

У шунчаки шаҳар эмас... Ёхуд дунёни ўзига ром этган Истанбулнинг сири нимада? (фоторепортаж)

Истанбулни кашф этиш қаердан бошланади? (фотосаёҳат)

Дунёда ягона 8 қаватдан иборат ер ости шаҳри қаерда? У ерга боришга ундовчи 5 сабаб (фото)

Бир кунда тўрт фасл... Ёхуд Каппадокия бағридаги водийлар афсонами ёки ҳақиқат? (фотосаёҳат)

Фарида Эгамбердиева, Туркия-Анталия

 

Шарҳлар

Россия Туркия билан парвозларни тўхтатди

13.04.2021, 14:02

Россияда COVID-19 янги коронавирус инфекциясини олиб кириш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штаб Россия йўловчи авиакомпанияларининг Туркия ва Танзаниянинг барча аеропортларига парвозларини бир ярим...
Ўзбекистон ва Туркия савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

10.04.2021, 11:35

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ва Туркия савдо вазири ўртасида икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги...
Туркия: Хавфсиз туризмга янада ишонч ортмоқда

09.04.2021, 12:47

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (ТГА) билан биргаликта Туркиядаги туризм соҳасида ишловчи ходимларни тўлиқ эмлаш...
Туркиялик профессор ўзбекистонликларни Наврўз байрами билан табриклади

20.03.2021, 14:24

Анқара университети (Туркия) профессори Сўнмез Қутлу юртдошларимизга Наврўз байрами муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар бермоқда. "Наврўз байрами туркий мамлакатлар, Марказий Осиёда...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+18° ясно
Валюта курси
10475.41
USD -2.51
12469.93
EUR 9.59
135.43
RUB -0.33