АсосийJamiyat

Янгийўлда мактаб ўқувчисини номаълум шахс олиб кетмоқчи бўлди. Эркак қидирилмоқда

'Янгийўлда мактаб ўқувчисини номаълум шахс олиб кетмоқчи бўлди. Эркак қидирилмоқда'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда «Янгийўл шаҳрида 8 яшар қизни бегона шахслар олиб кетмоқчи бўлди» каби хабарлар тарқалди. 

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат Янгийўл шаҳар ИИБ ва прокуратура назоратига олинган ва суруштирув ишлари олиб борилмоқда. Асосийси ўқувчи қиз соғлом ва ота-онаси ёнида. Мактабда дарсларида иштирок этмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 29 январь куни 12-10ларда Янгийўл шаҳрида яшовчи 2013 йилда туғилган, 1 синф ўқувчиси С.А. дарсини тугатиб мактабдан чиққан вақтида, унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.

Улар бироз йўл юргандан кейин қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, хархаша қилиб йиғлай бошлагандан. Шундан сўнг у қизга мактаб сумкасини қайтариб берган ва ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео хабарларда ҳам акс эттирилган.

Ҳолат юзасидан келиб тушган хабарга асосан шаҳар ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суруштирув ишлари бошланган.

Суруштирув давомида қизнинг ота-онаси видео тасвирда акс этган шахсни танимаслигини маълум қилган.

Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суруштирув ишлари давом эттирилмоқда.

"Қайд этиш жоиз, ижтимоий тармоқларда ушбу вазият билан боғлиқ бўрттирилган ёлғон ахборот ва фуқаролар томонидан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, одамларда шубҳа туғдирувчи турли овозли хабарлар тарқатилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимизни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини, ахборот хуружлари ва ёлғон маълумотлар остидаги зарарли таъсирлардан ҳушёрликка чорлаб, журналист ва блогерлардан ҳар бир вазиятга холис ёндашишларини, асосланмаган хабарларни тарқатмасликни ва нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз", дейилади ИИББ хабарида.

    Бошқа янгиликлар