Фарғона вилояти Учкўприк тумани “Бобошбек” маҳалласи аҳолиси ўз хонадонларида кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган. Деярли ҳар бир хонадонда ишлаб чиқаришнинг қайсидир бир тури билан шуғулланишади. Маҳсулотлар харидоргир, талаб юқори, фаолиятларини кенгайтириш учун ҳам тадбиркорларнинг ўз маблағлари етарли...
ХЎШ, УНДА МУАММО НИМАДА?
Кеча 4 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Риштон туманидаги Халқаро кулолчилик марказида вилоятдаги тадбиркорлар билан ҳам учрашди. Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулла Бозоровнинг айтишича, “Бобошбек” маҳалласи аҳолиси тадбиркорликда анча фаол. Лекин логистик жиҳатдан ноқулай ҳудуд. Маҳалла кўчаларига кириш йўллари тор, юк машинаси учун қийинчилик туғдиради. Учкўприк туманида текстил маҳсулотларини сотиш учун бозор ҳам йўқ.
Бу гапларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳам тасдиқлади:
“Шу маҳалланинг ўзидан ҳар хафтасига Хоразмга 4 “фура”, Ургутга 3 “фура”, Тожикистонга 1 “фура” кийим-кечак маҳсулотлари чиқиб кетади. Лекин тадбиркорлар ўз уйларида яратган ишлаб чиқариш шароитлари логистик талабларга жавоб бермаётгани учун тадбиркорларга ноқулайлик туғилмоқда”.
МАҲАЛЛАДА ИШСИЗЛИК ЙЎҚ
“Маҳалламизда ишсизлар йўқ, - дейди Президент билан суҳбатда тадбиркор Ирода Содиқова, - Шу сабабли бошқа маҳалла ва ёндош туманлардан ишчилар жалб қиляпмиз. Уйимиз катта йўл ёқасида жойлашмагани боис, уларга ҳам иш жойига етиб келиш қийинчилик туғдиряпти. Маҳсулотларимизга талаб юқори. Агар биз учун шароит қилиб берилса, ишлаб чиқаришимизни бир неча баробарга оширишга имконимиз ҳам, маблағимиз ҳам етади. Маҳулотларимизни сотиш учун жой бўлса кифоя.”
ТАДБИРКОРЛАРГА ЕР АЖРАТИЛАДИ
Президент Шавкат Мирзиёев Учкўприк туманидаги экин майдонлари ўрнида 15 гектаргача тадбиркорлар учун логистик марказ ташкил этиш бўйича Хайрулла Бозоровга топшириқ берди. У ерда маҳсулотлар сотиш учун бозор, умумий маҳсулотларни бўяш комплекси, юк машиналарига юклаш-тушириш майдони қуриладиган бўлди.
КОМПЛЕКСНИ КИМ ҚУРАДИ?
Айнан шу савол билан Президент масъулларга юзланди. Хайрулла Бозоровнинг айтишича, комплекс тижорат банклари томонидан тўлиқ қурилади. Битганидан сўнг, тадбиркорларга кредит асосида берилади.
Ушбу таклиф барчага маъқул келди. Маҳсулотларини сотиш учун ер сўраб келган икки тадбиркор аёлнинг мурожаати ортидан Учкўприк туманида логистик марказ қуриладиган бўлди.
Сардорбек Раҳмонқулов






