АсосийJamiyat

Экология қўмитасининг матбуот котиби «ғалати топшириқ»ни бажаришга кўнмагани учун босимга учраганини айтмоқда

'Экология қўмитасининг матбуот котиби «ғалати топшириқ»ни бажаришга кўнмагани учун босимга учраганини айтмоқда'ning rasmi

2 феврал куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида қўмитанинг бир қатор ходимлари ишдан олинган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев Kun.uz’га маълум қилган.

«30 январ куни Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари ўринбосарлари қўмитага келиб йиғилиш ўтказди. Унда қўмитанинг асосан ўрта бўғин фаолияти кескин танқид остига олинди. Яъни экология соҳасидаги барча камчиликлар ўрта бўғинда эканлиги таъкидланди. 2 феврал куни эса бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва у бошчилигидаги комплекс раҳбарлари, вазир ҳамда вазир ўринбосарлари иштирокида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши чақирилди.

Бу йиғилишда 6 нафар бошқарма бошлиқлари ишдан олинди. Жумладан, ўша куни ишдан кетади дейилганлар рўйхатида қўмитанинг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Абдужалилов, Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Собир Машрабов, Халқаро алоқалар ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Жаҳонгир Толипов, юрист Даврон Холмуҳаммедов ва Қашқадарё вилоят бошқарма бошлиғи Ғанишер Иброҳимов ҳамда менинг исм-фамилиям бор эди», дейди Абдуллаев.

Матбуот котибининг айтишича, ўзининг ҳам бу «рўйхатга тушиб қолиши»га икки ҳафта аввал «юқоридан келган ғалати топшириқ» сабаб бўлиши мумкин. Бу топшириқ транспорт вазирлигининг масъул ходимидан бўлган.

«Икки ҳафта аввал Ўзбекистон транспорт вазирлигидан шахсий телефон рақамимга қўнғироқ бўлди. Қўнғироқда ўзини «Раматовнинг маслаҳатчисиман» деб таништирган киши менга бош вазир ўринбосарининг ижобий имижини шакллантириш мақсадида алоҳида штаб ташкил қилингани ҳамда биз ҳам шу имижни яхшилаш учун ҳафтанинг ҳар жума куни улар тасдиқлаган мавзу бўйича маълумот бериб туришимиз кераклигини буюрди.

Маслаҳатчининг айтишича, кейинроқ штабга тўпланган бу маълумотлар барча оммавий ахборот воситаларига уларнинг номидан тарқатилар экан.

Ҳозир сиёсий жараёнлар олдида турибмиз. Мен табиийки, бундан шубҳаландим, чунки ҳозир сайлов жараёнлари яқинлашмоқда. Шу сабаб мен унга раҳбарият томонидан қандайдир топшириқлар бўлсагина уни бажаришимни айтдим.

«Раматовнинг маслаҳатчиси» эса «мени тўғри тушунмадингиз шекилли, «кабмин»даги кураторингизга айтаман, ўзи гаплашади», дея телефонни ўчириб қўйди.

Орадан кўп ўтмай менга энди Вазирлар Маҳкамасидаги «кураторимиз» Баҳодир Шукуров телефон қилди (Баҳодир Шукуров Вазирлар Маҳкамасида бош мутахассис вазифасида ишловчи мутахассис – таҳр.)», дейди Абдуллаев.

Бунёд Абдуллаев «куратори»дан ёзма топшириқ туширишни сўраган.

«У менга штаб бошлиғи (маслаҳатчи) берган топшириқларни сўзсиз бажаришимни буюрди. Мен бу бўйича фақат ёзма топшириқ келсагина иш бошлашимни айтдим.

Баҳодир Шукуров эса ёзма топшириқ бўлмаслиги, шу қўнғироқ менга ёзма топшириқлигини айтди. Унга яна аввалги жавобимни такрорлаганимдан кейин телефонни жаҳл билан қўйиб қўйди», дейди Бунёд Абдуллаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Абдуллаев ҳозирда қўмита раҳбарияти билан муносабатлари анча таранглашганини, қўмита раиси ва кадрлар бўлими бошлиғи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни талаб қилиб, унга босим ўтказаётганини таъкидлаб ўтган.

«Мен сабабсиз ариза ёзмаслигимни айтяпман. Ўйлайманки, шунчаки сабабсиз ишдан бўшаб кетмайман. Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ишлашига ишонаман», деди Абдуллаев.

 

    Бошқа янгиликлар