АсосийJinoyat

Тошкентда кўп қаватли уйнинг лифтида вояга етмаган қизларни таъқиб қилган эркакка ҳукм ўқилди

'Тошкентда кўп қаватли уйнинг лифтида вояга етмаган қизларни таъқиб қилган эркакка ҳукм ўқилди'ning rasmi

         36 ёшли оиласидан ажрашган, бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, ёлланма ишчи бўлиб ишлайдиган ва муқаддам судланган эркак уч нафар вояга етмаган қизларни таъқиб қилиб, бузуқ ниятини амалга оширмоқчи бўлади... 

         Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир туман судида юқоридаги ҳолат юзасидан судланувчига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси Фарҳод Абдушукуров хабар қилди. 

         Судланувчи 2020 йилнинг 28 ноябрида ширакайф бўлиб олади. Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватидаги лифтга вояга етмаган икки қизнинг кириб кетганини кўради. Ўзининг ҳожатини чиқариш учун уларнинг 16 ёшга тўлмагани аён бўлган ёшлар эканини била туриб, қизларнинг ортидан лифтга киради. Лифт биринчи қаватдан то олтинчи қаватга кўтарилгунга қадар бўлган вақт оралиғида уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилади... Қизлардан бирининг қўлларидан ушлаб, ўзига тортиб, қўли билан зўрлик ишлатади... Бузуқ ниятини амалга оширишга ундаган вақтида лифт олтинчи қаватга кўтарилиб, эшиклари очилишни бошлаганидан сўнг воқеа содир бўлган жойдан яширинган.

         Орадан чамаси ўн дақиқалар ўтгач, лифтга яна бир вояга етмаган қизнинг кириб кетаётганини кўради. Унинг ҳам ортидан лифтга киради. Лифт биринчи қаватдан то олтинчи қаватга кўтарилгунга қадар бўлган вақт оралиғида яна ўша “ҳунари”ни такрорлайди. Қиз унга қаршилик қилиб турган вақтида лифт олтинчи қаватга кўтарилиб, эшиклари очилганидан сўнг воқеа содир бўлган жойдан яширинган.

“НОМАЪҚУЛ ИШГА ҚЎЛ УРИБ ҚЎЙДИМ”

Судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди...

— Уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганман. Кейин лифт эшиклари очилиб қолгач, пастга тушиб кетганман. Бир оз вақтдан сўнг яна шу уйнинг ўзида бир қиз лифтга кирди. Шу қизга ҳам мастликда нима қилаётганимни англамай, аҳлоқсиз иш қилдим. 

Қизлар 16 ёшга тўлмагани, ҳали вояга етмагани кўриниб турганди. Аммо шу куни спиртли ичимлик истеъмол қилганим сабаблими, билмасдан шундай номаъқул ишга қўл уриб қўйдим. Қилган ишимдан пушаймонман. 

 

“ҲЕЧ НИМА БЎЛМАГАНДЕК ЛИФТДАН ЧИҚИБ КЕТДИ”

         Суд мажлисида қонуний вакили иштирокида сўроқ қилинган жабрланувчи қизлардан бири ўша кунги воқеани сўзлаб берди...

         — Ўқув марказидан соат тахминан 15.20 лар атрофида уйимнинг олдига келиб, биринчи қаватда жойлашган лифтда саккизинчи қаватга чиқмоқчи бўлдим. Лифтга кирдим ва саккиз рақами туширилган тугмани босдим. Лифтнинг эшиклари деярли ёпилиб бўлишига озгина қолганида, бир киши қўли ва оёғини лифтнинг ёпилаётган эшигининг орасига тиқиб, эшикни қайтадан очиб, ичкарига кирди. Лифтнинг эшиклари жойлашган томонга туриб, дастлаб лифтнинг 3 тугмасини, сўнг эса 6 тугмасини босди. Лифтнинг эшиклари ёпилиб, тепага қараб ҳаракатланишни бошлаган вақтда, у аҳлоқсизлик қила бошлади. Лифт олтинчи қаватга етганида, у ҳеч нима бўлмагандек лифтдан ташқарига чиқиб кетди. Қўрқиб кетганим сабабли, бу ҳолатни онамга ўз вақтида айтмаганман.

         — Судланувчи ЖКнинг 129-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. ЖКнинг 60, 61-моддаларига асосан, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туман судининг 2015 йил 6 майдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 1 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар