АсосийJinoyat

Тошкентда талаба машҳур кулгу жамоасидаги қизга беҳаё суратларини тарқатиш билан таҳдид қилди

'Тошкентда талаба машҳур кулгу жамоасидаги қизга беҳаё суратларини тарқатиш билан таҳдид қилди'ning rasmi

Нуфузли университетлардан бирининг магистратура босқичида таҳсил оладиган 26 ёшли йигит машҳур кулгу жамоаси иштирокчиси бўлган қизнинг расмларини тарқатиш билан қўрқитиб, ундан пул ундирмоқчи бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биносида судланувчига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди... 

Судланувчи бир қиз билан танишиб қолади. Унинг сочиққа ўралган ҳолдаги фотосуратини қўлга киритиб, уни ўзида сақлаб юради. Бир йил ўтгач, қизнинг фотосуратини интернет орқали бошқа аёл кишининг яланғоч ҳолатда тушган суратлари билан монтаж қилади. Сўнг “instagram” ижтимоий тармоғи орқали аккаунт очиб, унда ўзи томонидан тайёрланган қизнинг яланғоч ҳолатда тушган фотосуратларини юклайди. Бу фотосуратларни аёлнинг иш фаолиятини олиб борувчи кулгу жамоасига ва “you tube”га тарқатиш билан қўрқитади. Мазкур фотосуратларни интернетда тарқатмаслик эвазига, товламачилик йўли билан қиздан 1.500 АҚШ доллар талаб қилади. Аниқроғи, қизни ушбу пулларни беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйган. 

Сўнг қиз мазкур ҳолат юзасидан ИИВга ариза билан мурожаат қилган. Шундан сўнг, судланувчи ўзининг танишига қиздан унга тегишли бўлган пулларни олиб келиш ҳақида илтимос қилган. Ўз навбатида, судланувчининг таниши қиздан 1.500 АҚШ доллари миқдоридаги муляж пулларни олиб кетган.

Шу куни ИИВ ЖҚББ К ва ИЖҚКБ тезкор ҳодимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида судланувчининг таниши далилий ашё билан ушланган ҳамда пулларни судланувчининг илтимоси асосида олгани ҳақида баён қилган.

“ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ ҚИЗНИ ҚЎРҚИТИБ ПУЛИНИ ОЛИШ НИЯТИМ БЎЛГАНДИ”

Судда судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди...

— У қиз билан бир неча марта телефон орқали гаплашиб юрдик. Ўша вақтда у менга бир нечта фотосуратларини юборганди. Фотосуратлар орасида уни сочиққа ўралган ҳолда тушган расми ҳам бор эди. Расмни ўзимда сақлаб юрдим. Ўша вақтда у менга актёр бўлмоқчи эканини айтганди. Шунингдек, уни “instagram”даги саҳифаси орқали кузатиб юрардим. Халқлар дўстлиги номли концерт залида кулгу жамоалардан бирининг концерт дастурида у қизни актёр сифатида иштирок этаётганини кўрдим. Сўнг унинг “instagram”даги сахифасига кириб, яхши тилаклар билдирдим. 

Орадан вақт ўтгач, ундан товламачилик йўли билан пул талаб қилиш фикри пайдо бўлди. Сочиққа ўралиб тушган расмини бошқа яланғоч аёлларнинг сурати билан монтаж қилиб, фотоальбом тайёрладим. “Instagram”да у қизнинг номидан саҳифа ҳам очдим. Унга бир нечта яланғоч ҳолатда тушган суратлари борлиги, агарда 1.500 АҚШ доллари берса, бу суратларни интернетда ёритмаслигимни, акс ҳолда тарқатиб юборишим ҳақида хабар ёздим. Шу куниёқ у қиз ушбу ҳолат бўйича устимдан ариза билан мурожаат қилишини айтди. “Агар ариза ёзсанг, суратлар интернетга чиқиб кетади”, деб қўрқитдим. Сўнг у 1.500 АҚШ долларини беришга розилигини билдириб, менга хабар юборди. Пулларни эртаси куни учрашиб олишга келишдик. Пуллар тайёрлигини билдиргач, танишим олиб кетишини айтдим. Кейин дўстимга қўнғироқ қилиб, “танишимдан бир нарсани олиш керак”, дея манзилни айтдим, у рози бўлди. 

У қиз билан интернет орқали ёзишиб юрганимда, ўзимни бошқа исм билан таништирганман. Шу сабабли, дўстимга “қиз нарса бераётганда мени эмас, бошқа исмни айтади”, дедим, хайрон бўлди.  

Дўстим машинасида қиз билан учрашиш учун кетди. Орадан тахминан 15 дақиқа ўтиб, қиз менга “instagram”  орқали “пулларни дўстингизга бериб юбордим. Энди суратларни ўчириб юборинг”, деб хабар ёзди. Кейин интернет кафега кириб, унинг “instagram”ига суратларни ўчириш жараёнини видеога олиб юбордим. Қизнинг “instagram”даги саҳифасини блокка қўйдим. Дўстимга бир неча марта қўнғироқ қилганимда, унинг телефон рақами ўчирилганди. Бироз ўтиб, у телефонини ёқди. “Нима сабабдан телефонинг ўчирилган?” деб сўрадим. “ИҲХБ ходимлари мени ушлашди, олдимга кел”, деди. Дўстим айтган жойга бордим. Олдига фуқаролик киймидаги бир неча фуқаролар келиб, ўзларини ИИБ ходимлари деб таништиришди ва мени кўлга олишди. Ҳақиқатдан ҳам қизни қўрқитиб пулини олиш ниятим бўлганди. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Ўзимга керакли хулосаларни чиқариб олдим. 

            Судланувчининг айби далиллар билан ҳам исботланди.

Одилжон ИЛХОМЖОНОВ, Тошкент шаҳар суди судьяси: 

— Судланувчи ЖК 165-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. ЖК 165-моддасининг 1-қисми  билан 3 йил муддатгаозодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    Бошқа янгиликлар