АсосийJinoyat

Москвада одам ўлдирган ўта хавфли рецидивист Ўзбекистонга қайтиб, яна бир инсоннинг умрига зомин бўлди

'Москвада одам ўлдирган ўта хавфли рецидивист Ўзбекистонга қайтиб, яна бир инсоннинг умрига зомин бўлди'ning rasmi

40 ёшли, бўйдоқ, муқаддам Россия Федерацияси, Москва области, Жуковский шаҳар судининг 2011 йил 7 февралдаги ҳукмига кўра, Россия Федерацияси Жиноят Кодекси 105-моддасининг 1-қисми, 115-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 69, 71-моддаларига асосан 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилинган, жазони 2019 йил 23 майда тўлиқ ўтаб чиққан судланувчи ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига такрор жиноятга қўл уради. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди судьяси Акмал Мирзахонов хабар қилди...

Тошкент шаҳар, Бектемир туманидаги уйда икки киши билан бирга овқатланиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилишади. Шу куни соат 21:00 ларда маст ҳолда бўла туриб, арзимаган сабаб туфайли шерикларидан бири билан жанжаллашиб, бир-бирларини ҳақоратлашга ўтади. Шу вақтда шеригини дастлаб танасининг юз ва бошқа соҳаларига уриб-тепиб кўплаб жароҳатлар етказади. Сўнг уни қасддан ўлдириш мақсадида қурол сифатида фойдаланиш учун хонанинг чиқиш эшиги ёнида бўлган болғани қўлга олади. Тан жароҳатлари оқибатида ерда ётган шеригининг бош қисмига иккинчи шеригининг кўз ўнгида ўта шафқатсизлик билан бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдиради. 

Шунингдек, судланувчи шеригини қасддан ўлдиргандан сўнг ўша тунда жиноий ҳаракатларини давом эттиради. Аниқроғи, марҳумнинг сумкасида бўлган 1 млн. 200 минг сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилади ва ҳодиса содир бўлган жойдан яширинади. 

“АФСУС-НАДОМАТ ЧЕКАЯПМАН”

Судда судланувчи айбловга қисман иқрорлик билдирди...

— 2000 йил августда ишлаб пул топиш мақсадида Москвага кетганман. Қасддан одам ўлдирганим учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинганман. Озодликка чиққач, Ўзбекистонга депортация қилиндим. Ишсиз бўлганим учун ишлаб пул топиш мақсадида, 2020 йил 20 сентябрь куни Тошкентга, яъни “Қўйлиқ” бозорига бордим. 

21 сентябрда “Қўйлиқ”даги мардикор бозорига ишга чиқиб, шу куни ўзини “Акбар” (исм-фамилиялар ўзгартирилган) деб таништирган А.Азизов билан танишдим. У менга иш таклиф қилиб, “Янгиобод ихтисослаштирилган” бозорида савдога ёрдамчи бўлиб ишлашим, кунига 80 минг сўмдан ойига 2 млн. 400 минг сўмга иш ҳақига келишдик. 

22 сентябрдан 25 сентябрга қадар ҳар куни эрта тонгда уйғониб, иккаламиз бирга унинг бошқарувидаги “Москвич”да бозорга бордик. Савдо дўконларини очиб савдони бошлаб, шу кунлари кечгача бозорда ишлаб кеч соат 19:00ларда яна бирга уйига қайтдик. Овқатланиб бўлиб, дам олгани ўзимга ажратилган хонага кириб ухладим. Менга вазифа сифатида дўконни очиш, нарса буюмларни дўкон олдига олиб чиқиб қўйиш, у томонидан айтилган маҳсулотини олиб бериб туриш ва охирида йиғиштириб дўконни ёпиб уйга қайтиш эди. 

24 сентябрь соат 15:00ларда Н.Мирзаевни ИИБ ходимлари дўконга олиб келишди. Акбар билан учраштириб, унинг олиб кетган пуллари эвазига дўконида ишлаб беришга келиштириб кетишди. Шу куни уччаламиз уйга кеч соат 19:00 ларда қайтдик. Доимгидек овқатланиб ухладик. 

25 сентябрь куни эрта тонгда учаламиз бирга бозорга кетдик. Бозорда ишларни бошлаб, савдо қилдик. Шу куни соат 11:00ларда Акбар қўшни дўконда савдо қиладиган одам ташлаган ахлатларини менга йиғиштириб олишимни айтгани учун ўзаро тортишиб қолдик. “Хўп”, деб буйруқни бажардим. Бироқ менга “нега бошқа дўконларнинг ахлатини биз йиғиштирамиз, улар бошқа-ку”, деганимда Акбар “пулингни тўлаганимдан кейин нима иш бўлса қиласан”, деди. Шу билан кеч соат 19:00ларда уччаламиз уйга қайтиш учун йўлда кетаётганимизда, икки шеригим дўкондан ароқ, пиво, “сигарет”, салқин ичимлик, “тушонка”, нон ва товуқ “грил” олишди. Кейин уччаламиз бирга ўтириб кечки овқатни тановул қилдик. Акбар хонтахта атрофида мен билан қарама-қарши, Н.Мирзаев эса унинг ёнида ўтирганди. Иккаласи ичишни бошлашди. Ўзаро суҳбат жараёнида Акбарга “бозорда нотўғри танбеҳ бердинг. Қўшни дўкон ахлатини йиғиштириш мени вазифамга кирмайди”, дедим. Акбар “пулини тўлаганимдан кейин хоҳлаган ишимни қилдираман”, дея куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилди. Гапидан жаҳлим чиқиб, “бундай оғир гапирма, жаҳлим ёмон. Уриб қолишим мумкин”, дедим. Иккаласи хонтахта олдида ўрнидан турди. Шу пайт Акбар менга мушт кўтарди, бироқ тегмади. Кейин хонтахта устида турган ошхона пичоғини олиб, “тиқаман” дея қўлимга олдим. “Агар пичоқ тиқмасанг”, деб онамни қўшиб, куракда турмайдиган сўзлар билан сўкди. Пичоқни хонтахта устига қўйиб, қўлим билан юзи ва оёғим билан танасининг дуч келган жойига урдим. Ҳовлига чиқиб, тамаки чекиб қайтиб кирдим.

Олдига кириб, гаплашмоқчи бўлганимда яна ҳақорат қилиб, менга ташланди. Итариб юборганди, диванга ўнг ён-бош томоним билан йиқилдим. Кейин хонада турган болғани олиб, бошининг орқа томонига 4-5 маротаба урдим. У йиқилиб хушини йўқотди. Унинг спорт сумкасидан паспортим, сумкадаги 1 млн. 200 минг сўмни олиб чиқиб кетдим. Кўчада Акбарнинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, манзилини сўраб, эрини урганимни айтиш учун олдига “Кадишева” бозори томонга бордим. Бўлиб ўтган ҳолатни айтиб, катта кўчага чиқиб, “Қўйлиқ” бозоридаги водийга қатнайдиган таксилар турар жойига кетдим. 5 дақиқа ўтиб, ҳайдовчидан “орқамиздан машина кузатиб келмаяптими?” деб сўраганимда, “йўқ” деди. Кейин орқага қайтиб, марҳумнинг уйи томонга айланиб бордим. Шу пайт орқамда машина борлигини сезиб, айланиб юравердим. Бир соатлар ўтгач, фуқаролик машинасидаги ИИБ ходимлари тўхтатиб, ИИБ биносига олиб кетишди... 

Оилавий шароитим оғир, ёлғиз ўғилман, қарамоғимда қари касалманд онам бор. Содир этган қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, афсус-надомат чекаяпман. 

ЎТА ХАВФЛИ РЕЦИДИВИСТ ДЕБ ТОПИЛДИ

Судланувчи ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “ж”, “л”, “р” бандлари ва 169-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. ЖК 59-моддасига асосан жазоларни қисман қушиш йули билан узил-кесил 15 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчи ЖК 34-моддаси 3-қисмининг “а” бандига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилди ва жазони махсус тартибли колонияларда ўташ тайинланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар