АсосийSport

Дзюдочиларимиз “Катта Дубулға” турнирида дунёнинг 60 давлат орасида 8-ўринни банд этишди

'Дзюдочиларимиз “Катта Дубулға” турнирида дунёнинг 60 давлат орасида 8-ўринни банд этишди'ning rasmi

Исроил давлатида ўтказилган дзюдо бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи турнирда муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси бугун тунда Тель-Авив–Истанбул–Тошкент авиа рейси билан юртимизга қайтиб келди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазириги маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Тель-Авив “Катта Дубулға” турнирида дунёнинг 60та давлатидан жами 418 нафар дзюдочи медаллар ҳамда Токио-2020 Олимпиадаси йўлидаги муҳим рейтинг очколарини қўлга киритиш учун татамига чиқишди. Улар қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар аъзоси ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказди.

Дзюдочиларимиз Исроил турнирида 1та олтин ва 2та бронза медали билан якунда умумжамоа ҳисобида 60 давлат орасида 8-ўринни банд этди. Шарофиддин Болтабоев олтин медаль ва 1000 рейтинг очкосига эга бўлди. -60 кг вазн тоифасидаги беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Сардор Нуриллаев ва Муҳриддин Тиловов эса бронза медали ҳамда 500 рейтинг очкосини қўлга киритишди.

5-7 март кунлари пойтахтдаги "Ҳумо Арена" муз саройида ўтказиладиган Тошкент "Катта Дубулға" турнирида Ўзбекистон терма жамоаси ҳар бир вазн тоифасида 4 нафардан дзюдочи билан иштирок этади.
 

    Бошқа янгиликлар