Бугун, 23 февраль куни халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борган.
Видоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда шаҳар-туманлар студияларидан секторлар раҳбарлари ва бошқа масъуллар ҳам қатнашишди.
Сессия кун тартибидаги биринчи-вилоят ҳудудида 2020 йил 12 ойида қонунийлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисидаги масала юзасидан вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ахбороти эшитилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида сохта маълумотлар киритиш ва пул маблағларини талон-торож этиш билан боғлиқ тизимли муаммоларга ҳанузгача барҳам берилмаганлиги аниқланди.
Вобкент, Қоракўл, Қоровулбозор, Шофиркон, Ғиждувон, Олот ва Бухоро туманларида 492 та ҳақиқатда яратилмаган иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилган.
Ғиждувон, Ромитан, Бухоро ва Шофиркон туманларининг бандликка кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари томонидан жами 114 млн 400 минг сўмлик пул маблағлари турли йўллар билан талон - торож қилинганлиги аниқланган.
Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси устидан назорат соҳасида вилоят прокуратураси ташаббуси билан вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва қаровсизликнинг олдини олиш, бу тоифадаги болаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида “Бола ҳимояси” электрон дастурий тизими “Бухоро тажрибаси” сифатида яратилиб, синов тариқасида ишга туширилди.
Натижаларга қарайдиган бўлсак, электрон тизим синов тариқасида ишлаган қарийб икки ой давомида 493 нафар қаровсиз қолган болалар аниқланиб, уларни 386 нафарига васий тайинланди, 107 нафарига ҳомий белгиланди.
Ҳозирда ушбу электрон дастурни Бош прокуратура томонидан тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида интеграция қилиш ҳамда республика миқёсида оммалаштириш ишлари амалга оширилмоқда.