МЧЖда катта дизайнер бўлиб ишлайдиган, муқаддам бир неча бор судланишга ҳам улгурган 28 ёшли йигит “Яндекс” таксининг “Малибу”сидан фойдаланиб, “olx.uz”га эълон жойлаган сотувчи ва телефон аппаратини ҳарид қилмоқчи бўлган фуқарони чув туширди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА хабар қилди...
Судланувчи Тошкент шаҳар Миробод тумани Афросиёб кўчасида бир қизга 2 дона “Iphone12 ProMax” русумли уяли алоқа воситаларини сотишини айтиб, уни алдайди. Қиздан жами 2540 АҚШ долларини олиб, ваъдасини бажармай, пулларни ўз эхтиёжига ишлатиб юборади.
Бундан ташқари, йигит Яшнобод тумани, Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган кафелардан бирининг ёнида яна бир фуқаронинг ишончига киради. Ундан уч дона жами 4.500 АҚШ доллари бўлган “Iphone12 ProMax 256 gb” русумли уяли алоқа воситаларини эгалаб, ўн дақиқа ичида пулларини олиб келиб беришини айтиб, воқеа жойидан яширинади.
“ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИГА ЭЪЛОН ЖОЙЛАШТИРДИМ”
Судда судланувчи дастлаб айбига умуман иқрор бўлмади...
— Аниқ исмини эслай олмайдиган танишим менга АҚШдан “Iphone 12 Pro Max” русумли уяли алоқа воситасини донасини 1270 АҚШ долларидан олиб келиб беришини айтганди. Ушбу уяли алоқа воситаларини АҚШдан олиб келиб бериши мумкинлиги тўғрисида “olx.uz” интернет тармоғига эълон жойлаштирдим. Шу орада менга бир қиз эълон бўйича қўнғироқ қилди ва телефон аппаратлари ҳақида сўради. Келишиб олиб, у билан учрашдик, унга “Iphone 12 pro max” уяли алоқа воситалари қандай бўлишини кўрсатиш мақсадида “olx.uz”да берилган эълонлардан бирига қўнғироқ қилдим. Сўнг Ойбек метроси олдидаги кафеда эълон эгаси билан учрашдик. Қиз телефон аппаратларини кўрди ва сотиб олишга рози бўлди. Олдиндан тўлов сифатида 2 та телефон аппарати учун 2.540 АҚШ доллари берди. “Телефон аппаратларини 30 кун муддат ичида олиб келиб бераман”, дедим. Қиз рози бўлди, аммо ўша куннинг ўзида қиз кутилмаганда “пулларимни қайтариб беринг”, деб қолди. “Пулни танишимга телефонларни АҚШдан олиб келиш учун бериб юбордим”, дедим. Аммо қиз телефон аппаратларини ёки пулларни дархол беришимни сўради. Бу 2 та телефон аппаратлари 2020 йил охирида етиб келди, ҳар бири учун 1.350 АҚШ доллари бердим. Қизнинг илтимосига кўра, бу аппаратларни синглисига бериб юбордим...
“НОМАЪЛУМ БЎЛГАН ЖОЙГА КЕТДИ ВА ҚАЙТМАДИ”
Судда иккинчи жабрланувчи қуйидагиларни баён қилди...
— Дубайга дам олиш учун боргандим. Қариндош ва танишларим телефон аппаратлари олиб келиб беришимни сўрашганди. Шу боис танишларим учун 6 дона “Iphone 12 PRO MAX 256” русумли телефонларни ҳар бирини 1420 АҚШ доллардан сотиб олдим. Ўзбекистонга қайтганимда, 3 донасини қариндошларимга сотиб юбордим. Қолган 3 донасини сота олмадим ва “olx.uz” ижтимоий тармоғига эълон жойладим. Уларнинг ҳар бирига 1515 АҚШ долларидан нарҳ қўйдим. Орадан вақт ўтиб, эълон бўйича бир киши қўнғироқ қилди. Ушбу 3 дона телефонларни сотиб олмоқчи эканини айтди. Яшнобод туманида жойлашган кафе олдида учрашишга келишдик. Йўлда келаётганимда ҳаридорга қўнғироқ қилганимда, кафе олдида оқ рангли “Малибу”да кутиб ўтирганини айтди. “Малибу-1” турганини кўриб, машинамни ўша машина олдида тўхтатдим. Машина ойнасини тақиллатганимда телефонда гаплашган одамим очди. Бироз вақт гаплашдик, “телефонларни “шеф”им ва оиласи учун олмоқчиман”, деди. Ҳар бири учун 1500 АҚШ доллар бериши ва аввалдан текшириб олишини айтди, рози бўлдим. “Кутиб туринг”, дея “Малибу-1”ни ёқиб қолдирди. “Текшириб дарҳол қайтаман”, дея 3 дона “Iphone 12 PRO MAX 256”ни олиб, номаълум бўлган жойга кетди ва қайтмади.
“ЯНДЕКС” ИЛОВАСИ ОРҚАЛИ ЧАҚИРГАН”
“Машина кимники бўлган?” деган савол туғилиши табиий. Мазкур саволга жавобни судда сўроқ қилинган гувоҳнинг баён қилганларидан топасиз...
— Судланувчи билан ҳодиса содир бўлган вақтдан бир неча ой олдин танишиб қолганмиз. Биринчи марта мени “Яндекс” иловаси орқали чақирган ва кейинчалик тез-тез қўнғироқ қилиб чақириб турган. Шу сабабли унга ишонишни бошлагандим. Кунларнинг бирида яна чақирди ва кечга яқин бирга овқатланишни таклиф қилди. Яшнобод туманида жойлашган кафега бордик, тановул қилиб ўтирганимизда “Машина калитини бир неча дақиқага бериб тур”, деди. Олдига иш юзасидан одам келаётганини билдирди. Унга ишонганим боис калитни бердим. Аммо машинаси кўриниб турадиган жойга ўтириб, машинанинг бир қисмини кўриб турдим. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, менга қўнғироқ қилиб, кетаверишимни айтди. Машинага ўтирганимда эса олдимга бир киши келиб, ишончимга кириб қолган танишимни сўради ва бўлган воқеаларни айтиб берди. Шунда ишонч билдирганим фирибгар эканини тушуниб етдим.
Шерзод ЭШМАТОВ, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди судьяси:
— Суд иш бўйича тўпланган далилларга асосланиб, судланувчининг содир қилган жинояти ўз тасдиғини топган ҳамда судланувчининг кўрсатмасидан ташқари далиллар билан исботланган, деб ҳисоблайди.
СудланувчиЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддасига асосан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2021 йил 18 февралдаги ҳукми билан тайинланган озодликни чеклаш жазосини қисман қўшиш йўли билан, узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони ўташ учун қаттиқ тартибли колонияларга юборилиши белгиланди.