my5
Sevimli

"Мен қонун устувор бўлишини истайман холос, ўлай агар бошқа мақсадим йўқ" Кушербаев уни айблаган Шерматовга жавоб қилди

ЖАМИЯТ 01.03.2021, 18:13
"Мен қонун устувор бўлишини истайман холос, ўлай агар бошқа мақсадим йўқ" Кушербаев уни айблаган Шерматовга жавоб қилди

Депутат Расул Кушербаев Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг у ҳақда билдирган айрим фикрларига муносабат билдирди. 

"Халқ таълими вазирига ҳурматим баланд ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки улар ҳорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида таълим олган, дунёқараши кенг, билимли ва афсуски  кам сонли зиёлиларимиздан.

Соғлигим билан боғлиқ муаммолар туфайли телефон орқали мулоқот қилишни чеклаган вақтларим мени қидирган эканлар, бунинг учун узр. Албатта ҳали мулоқот қилишга улгурамиз, деган умиддаман.

Мен олий таълим муассасасига битирувчилари кира олмаганлиги учун мактаб раҳбарларининг ишдан бўшатилишини қонунлар шу жумладан, Меҳнат кодекси талабларига тўғри келмаслигини,   бу нотўғри стратегия экани ва бу сабаб билан ишдан кетганлар бўлса суд орқали муаммони ҳал қилиши мумкинлигини бир интервьюда айтиб ўтгандим.

Мен қонун устувор бўлишини истайман холос, ўлай агар бошқа мақсадим йўқ. Тўғриси, бу сабаб билан ишдан кетган бирорта мактаб директориниям танимайман.

Бироқ ҳурматли вазиримиз мени бунинг учун популизм ва қатор ва ҳоказо масалаларда айблабдилар.

Агар демократик давлатлар қатори қонун устуворлигини таъминлаш ва муаммони суд орқали ҳал қилиш популизм бўлса унда мен эмас аввало қонунлар ва Меҳнат кодекси бош популист бўлиб қолмайдими? Мен "тут причем" агар қонунлар шундай ва камига суд, деган  ҳокимиятимиз бўлса.

Яқинда демократик жамиятлардагидек  ўз шаънини қонунларга асосан суд орқали ҳимоя қилишга ҳаракат қилган Халқ таълими вазирлиги ва илғор ҳориж таълим даргоҳи битирувчиси, демократ вазиримиз буни яхши билсалар керак.

Фақат бирор марта депутат, ўқитувчи, мактаб директори бўлиб кўрмаган айримларнинг  депутатларни душман, деб қараш фикри баъзан инсонни сал чалғитади: ким бўлибди ўзи бу депутатлар?

Мен хато ўйлаётган ва фикрлаётган бўлсам вазир ва бутун вазирлик тизимидан, агар ишчанлик обрўсига путур етиб қолган бўлса минглаб ўқитувчиларимиздан узр сўрайман. Бунинг учун судни овора қилиб ўтирмайлик.

Бироқ барибири таълимми, соғлиқни сақлашми, ҳуқуқни мухофаза қилишми қўйингки барча соҳада аввало қонунларга сўзсиз риоя қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашни бош мақсадга айлантиришга амалда тўлиқ эришмас эканмиз биз яна кўп йиллар орқада қолишимиз мумкин, деган фикримдан қайтмайман.

Шунингдек, интервьюда олий таълимга ўқувчиси кира олмаганлиги учун мактаб директорларини ишдан бўшатиш Меҳнат  кодекси ва бошқа қонун талабларига зид, бу нотўғри стратегия эканлиги  тўғрисидаги фикрларим асоссиз бўлса, бунга ҳам истаган вақтда раддия беришга тайёрман. Фақат асослаб берилса ёки қонунлар ўзгартирилса бўлди.

Ҳар доимгидек бу гаплар одамларга ёқадими, йўқми буниси қизиқмас", - дейди депутат.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+18° ясно
Валюта курси
10475.41
USD -2.51
12469.93
EUR 9.59
135.43
RUB -0.33