Бугун АОКАда Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролардан COVID-19 га экспресс-тест олиш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар ечимларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда журналистлардан бири масъуллардан аэропортларда тиббий хизмат монополияси ҳақида савол берди:
Нима учун аэропортда битта фирма, битта хизмат яъни “Тиббиёт дунёси” МЧЖ экспресс тест олиш бўйича монополия бўлиб қолган?
Саволга Тошкент халқаро аэропорти масъул ходими Музаффар Суяров жавоб берди.
Махсус комиссиянинг 45-баёнида белгиланганидек, ҳамма талабларга жавоб берадиган тиббиёт муассасасини 1 кун ичида аеропортга олиб келиб жойлаштириш керак бўлган эди. Бунинг учун берилган 1 кун мухлат ичида фақат "Тиббиёт дунёси"да керакли ва талабга жавоб берадиган ускуналарни ўрнатишга имконият бўлди. Ҳозирги кунда иккинчи компанияни аеропортга олиб келиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу компания 5-мартдан иш бошлаши кўзда тутилган.