АсосийJamiyat

Нега ётоқхонада автомат кир ювиш машиналари турмаслиги керак — Абдуқодир Тошқулов

'Нега ётоқхонада автомат кир ювиш машиналари турмаслиги керак — Абдуқодир Тошқулов'ning rasmi

Бугун, 2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари “Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди. Депутатларнинг ушбу масала юзасидан саволларига Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов жавоб берди. Бу ҳақда Олий Мажлис Конунчилик палатаси Ахборот хизмати маълум қилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов олий таълим муассасаларидаги муаммоларга ҳар бир ректор шахсан жавобгарлиги, талабалар турар жойларида оддий шароитлар яратилмагани, ўзи ҳам бир кеча талабалар билан тунаганини айтди.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларида ётоқхоналарга қўшимча эҳтиёжи бор талабалар сони 149,4 минг нафарни ташкил этмоқда. Ушбу эҳтиёжни қоплаш учун 400 ўринли 373 та ётоқхона қуриш талаб этилади.

Олий таълим муассасалари ётоқхоналарининг шароити яхши эмаслиги шахсан ректорнинг эътиборсизлиги, ОТМ раҳбарининг ўша ётоқхонага кирмаслигидан, бошқа сабаб йўқ.

Ҳар қандай ОТМ пул топа олади. Чунки талабалар турар жойида яшаётган талаба муассаса ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, оз бўлса-да пул тўлайди. Арзимас пул, лекин ўша пулни ўзига сарфласа ҳам ҳамма жиҳозини тайёр қилиб қўйса бўлади. Чунки электр энергияси ва бошқа харажатлар асосий ҳисобдан тўланади.

Энди ҳозир мен айтмайман, ижтимоий тармоқларда чиқиб, нотўғри талқин бўлиши мумкин. Бир куни бир талабалар турар жойига бориб, талабалар орасида бир кеча ётдим. Бир талаба билан унинг хонасида тунни тонгга улаб суҳбат қилиб чиқдим ва ундан бутун сир-асрорни сўраб олдим. Яшаш шароити, санузеллар ҳолати, бир дунё муаммо бор.

Талабалар 40 фоиз дарслардан норози. Жами ўқитувчиларнинг 40 фоизи бераётган билимдан норози.

Нега ётоқхонада автомат кир ювиш машиналари турмаслиги керак? Ҳамма нарса номига қилиб қўйилган, қизлар ташқарида кир ювади, ташқарида кир ёяди, бунга ҳеч қанча харажат кетмайди, бунга эътибор керак, холос.

Ҳали ҳам бизда профессор-ўқитувчилар “устоз отангдек улуғ”, деб масаланинг фақатгина бир томонига эътибор беришади-да, унга фарзанддек меҳр қўйишни ўйлаб кўрмаяпти. Агар шу муносабатни шакллантирсак, мана бундай ҳолатлар тўғри, тақдирга боғлиқ-ку, лекин бўлмасди, менимча. Контингент кўпайиб кетди, деб нолийди ректорлар, гуруҳ мураббийларига етарлича ҳақ бериб ишни талаб қилса бўлади-ку.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган “Ҳукумат соати”да ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Муҳокамалар якунида мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

    Бошқа янгиликлар