АсосийJinoyat

Танишлари орқали маҳкумни озодликка чиқармоқчи бўлган хавфли рецидивистга қандай жазо тайинланди?

'Танишлари орқали маҳкумни озодликка чиқармоқчи бўлган хавфли рецидивистга қандай жазо тайинланди?'ning rasmi

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг 2019 йил 28 октябрдаги ҳукмига кўра, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкум апелляция шикояти орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради. Мазкур суд иши 2021 йил 16 февралда Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўрилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди судьяси Ҳамиджон Шамшиев хабар қилди...

Муқаддам бир неча бор судланган, хавфли рецидивист бўлган 40 ёшли судланувчи бир аёлни “ИИВ ЖИЭББда ишловчи танишларимга пора бериб, жазони ижро этиш муассасасида озодликдан маҳрум қилиш жазо муддатини ўтаётган укангизни қамоқдан чиқариб бераман”, деб алдайди. “Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади”, деганларидек ширин ёлғонларга ишонган аёл 7.500.000 сўмни судланувчига беради.

Судланувчи фирибгарлик жиноятини давом эттириб, аёлдан яна 300 АҚШ доллари олади. Шу кунинг ўзидаёқ фуқаронинг аризасига асосан ИИВ ЖҚББ томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида судланувчи ушланади. Ундан холислар иштирокида 300 АҚШ доллари далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштириб олинади. Натижада судланувчи ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, жиноий мақсадини охирига етказа олмайди.

            Маҳкум апелляция шикоятида, “аёлни пора беришга қизиқтирмаганман. Ташаббус ҳам мендан чиқмаган, шу боис суд ҳукмини ўзгартириб, айбловидан ЖК 28, 211-моддаси 1-қисмини чиқарсангиз. 168-модда бўйича зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашингизни сўрайман”, деган.

            Судлов ҳайъати шикоятдаги важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга таҳлил қилиб, қуйидагиларга асосан суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топди:

  • маҳкумнинг суд ҳукмида баён этилган жиноятларни содир этганликдаги айби, ўзининг судда айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, гувоҳларнинг дастлабки тергов ва суддаги кўрсатмалари;
  • жиноят ишида тўпланган аризачининг қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси ва уни текшириш, воқеа жойини кўздан кечириш, далилий ашёни олиш баённомаси, пулга махсус воситалар билан ишлов бериб, аризачига бериш;
  • диктофон тақдим этиш баённомаси;
  • дастлабки суриштирув давомида ёзилган тушунтириш хатлари;
  • судга оид кимёвий экспертизасининг хулосаси;
  • айбланувчининг кўрсатмаларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомаси;
  • унга бўлган фото-жадвал, уяли телефонлардан амалга оширилган кириш-чиқиш қўнғироқлари;
  • пилинг бўйича маълумотлари;
  • судланувчи билан гувоҳлар ўртасида ўтказилган юзлаштириш баённомалари;
  • жиноят ишида тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ тасдиғини топган.

Биринчи инстанция суди томонидан маҳкумнинг жиноий ҳаракатлари ЖК 25, 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди, 28, 211-моддаси 1 қисми билан тўғри квалификация қилинган.

Судлов ҳайъати маҳкумнинг шикоятда келтирган важларни атрофлича муҳокама қилди. Унинг бу келтирган важлари судни чалғитиш ва тайинланган жазони енгиллатиш мақсадида келтирилган важлар деб танқидий баҳолашни лозим топди.

Унинг мазкур важлари 1-инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳнинг қуйидаги кўрсатмасига асосан рад қилинади:

— “СанГород”да укам билан учрашиб, кўчага чиққач, йиғламсираб кетаётган вақтимда, судланувчи ёнимга келди. Укам ЖИЭМда жазо ўтаётганини билиб, “бир акам Республикада турмаларни бошлиғи. Унга 1.500.000 сўм берилса, укангизни тезда қамоқдан чиқариб беради”, деб ваъда қилди. Мендан бўлиб-бўлиб жами 7.500.000 сўм олди. Кейинчалик яна 300 АҚШ доллари олаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Шунингдек, маҳкумнинг дастлабки тушунтириш хатлари, ҳимоячи иштирокида гумон қилинувчи ва айбланувчи тариқасидаги сўроқларидаги кўрсатмалари ва ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан унинг важлари рад қилинди.

Иш бўйича зарар қоплангани ҳақидаги важлари текширилганда, маҳкумнинг рафиқаси зарар қопланмагани, қоплаш имконияти йўқлигини маълум қилди.

Бундай ҳолатда маҳкумга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгартириш ва бекор қилиш учун ишда асослар мавжуд эмас.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2019 йил 28 октябрдагисудланувчига оид ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмай қолдирилди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар