my5
Sevimli

Шаръий эр томонидан қайнона турткиланди, қайнота эса пичоқланди

ЖИНОЯТ 07.03.2021, 13:21
Шаръий эр томонидан қайнона турткиланди, қайнота эса пичоқланди

Инсон фарзандли бўлгач, унинг бахту камолини кўришни, келажакда унинг орқасидан яхши гаплар эшитишни истайди. Ўзи емай-едиради, киймай-кийдиради. Аммо сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамонларига бундай бахт насиб этмади. Аксинча, қизининг шаръий турмуш ўртоғи томондан она турткиланди, ота эса пичоқланди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Ирода Муҳамедова хабар қилди... 

Қайнонасини итариб юборди, қайнотани эса...

Судланувчи Карим Исроилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил 29 июль куни шаръий никоҳида бўлган турмуш ўртоғи Дилором Ҳасанова билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида, Дилоромнинг уйига келиб, шу ерда унинг отаси Саъдулла Ҳасанов ва онаси Гулбаҳор Ҳасановалар билан ўрталарида ўзаро жанжал келиб чиқади. Дилоромнинг онаси Гулбаҳор опа Карим Исроиловнинг йўлини тўсган вақтда уни итариб юборади. Гулбаҳор Ҳасанова йиқилиб тушиш оқибатида тан жароҳати олади. Бу ҳолатни кўриб, жанжалнинг олдини олиш мақсадида унинг ёнига келган Дилоромнинг отаси Саъдулла Ҳасановнинг кўкрак, қорин ва елка соҳасига ёнида бўлган сувенир пичоқ (финка) билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида Карим Исроилов хонадонида қўлга олинган.

“Хиёнатда гумон қилдим...”

Судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Карим Исроилов суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидагиларни баён қилди: 

– Дилором билан 2016 йилда танишиб қолдик. У турмушидан ажрашган бўлиб, бир нафар фарзанди бор эди. Уйланмаган йигит бўлишимга қарамай, уни яхши кўриб қолдим. Дилоромнинг ҳам менда кўнгли бор эди. Ота-онамнинг турмуш қуришимизга қаршилик қилишини билганим учун шаръий никоҳ ўқитиб, яширинча яшай бошладик. Бундан фақатгина Дилоромнинг ота-онаси хабардор эди. Турмушимиз давомида келишмовчиликлар бўлиб турганига қарамай, тезда ярашиб олардик. 2017 йилнинг 17 октябрь куни ота-онамнинг қистови билан Матлуба исмли қизга қонунан уйландим. Уйланишимга Дилором қаршилик қилмади. Шундай қилиб, иккиси билан ҳам яшай бошладим. 2019 йилнинг декабрида Матлуба қиз фарзандли, 2020 йилнинг февралида Дилором ўғил фарзандли бўлди. 2020 йилнинг март-апрель ойларида Дилором билан ўртамизда тушунмовчиликлар авжига чиқиб, тез-тез жанжал бўлиб турди. У мендан аразлаб қариндошларининг уйига кетиб қоладиган одат чиқарди. 2020 йилнинг 24 июль куни Дилоромни йўқотиб қўйдим. Қўнғироқ қилсам, телефони ўчган. Шу билан 26 июль куни гўшакни кўтарди. Ундан нимага телефони ўчганлигини сўрасам, Нурафшон шаҳрида холасиникида эканлигини, у ерда антенна йўқлигини айтди. Мен унинг гапларига ишонмадим, ич-ичимдан уни рашк қилиб, хиёнатда гумон қилдим. Шундан кейин жанжалимиз бир неча кун давом этди. Унга сенинг бу юришининг боламизнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади, болани олиб қўяман, дедим. Ўша воқеа содир бўлган куни мен унинг уйига бордим. Эшик ёпиқлиги учун девор орқали ҳовлига сакраб тушдим. Йўлимни Дилоромнинг онаси Гулбаҳор Ҳасанова тўсди, жаҳлим чиқиб турганлиги учун уни тирсагим билан туртиб юбордим. Шу пайт йўлимдан қайнотам Саъдулла Ҳасанов чиқди. У бор кучи билан ёқамдан тортгани учун жаҳл устида чўнтагимда бўлган сувенир очилиб-ёпилувчи (финка) пичоқни тўрт-беш маротаба унга санчдим... Ҳозирда қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, ҳаммасини жаµл устида қилдим...

Жиноятчига жазо тайинланди

Судланувчи ЖКнинг 104-моддаси 3‑қисми “а” банди билан айбли, деб топилди. Унга шу моддага асосан ЖКнинг 57‑моддасини қўллаган ҳолда 5  йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Лола ШОИМОВА, журналист

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+19° ясно
Валюта курси
10475.41
USD -2.51
12469.93
EUR 9.59
135.43
RUB -0.33