АсосийJinoyat

Аёлини бўғилган ҳолатда суратга тушириб, телеграмда тарқатган ва ИИБ ходимига тан жароҳат етказган эркакка ҳукм ўқилди

'Аёлини бўғилган ҳолатда суратга тушириб, телеграмда тарқатган ва ИИБ ходимига тан жароҳат етказган эркакка ҳукм ўқилди'ning rasmi

Ихтиёр Содиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Хумора Комилова билан 2018 йилда никоҳдан ўтиб, Самарқанд вилояти, Иштихон туманида яшай бошлашди. Яхши ниятлар билан оила қурган эр-хотин бора-бора арзимаган нарса устида уришадиган-талашадиган даражага етишди. Бундай ур-тўполонлар жонига теккан Хумора қизлик уйига кетиб қолади...

Ҳаммасига рашк сабабми?

Хумора 2020 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида яшовчи қариндошининг уйига боради. Унинг Тошкентдалигидан хабар топган Ихтиёр хотинининг ортидан таъқиб қилиб, пойтахтга келади ва у билан учрашади. Уни ўзи ижарага олган Сергели туманидаги хонадонга таклиф қилади. Хотинига ўша ерда ажрим масаласини ҳал қиламиз, дейди. Ижара уйда Хуморанинг телефонини титкилаган Ихтиёр уяли телефон аппарати хотирасидаги фотосуратлар орасида унинг бегона эркак билан тушган суратлари ва "SMS" ёзишмаларини кўриб, Хуморани хиёнатда айблайди. Рашк оқибатида ўзаро жанжаллашиб, юз ва танасининг турли қисмларига уриб, чойшаб билан бўғиб, қасддан тан жароҳати етказади. Хуморани бўғилган ҳолатда суратга тушириб, телеграм мессенжери орқали контактида бўлган одамларга, шу жумладан, онаси ва холасига ҳам юборади...

Тан жароҳати етказди

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Хумора Комилованинг танасида – чап кўз олмаси контузияси, ўнг ва чап кўз оқсил қаватига қон қуйилиши, ўнг ва чап кўз қовоқлари, бўйин ўнг ва чап юзалари чап пешана соҳаси, юқори ва пастки лаб, бурун эгар қисми шилинмалари, пешана соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг ва чап кўкрак бези соҳаси, чап елка, чап сон, чап болдир соҳалари жароҳатлари аниқланган. Ушбу тан жароҳатлари қаттиқ ўтмас жисм таъсирида етказилганлиги, бу жароҳатлар соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари турига кириши аниқланган.

“Жиноят” устида қўлга туширмоқчи бўлди-ю...

Бундан ташқари, Ихтиёр Содиқов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, турмуш ўртоғи Хумора Комилова вақтинча яшаб келаётган хонадон эшигини ўзида бўлган захира калит ёрдамида очади. Маст ҳолда уйга ғайриқонуний равишда кириб, ошхонада турган пичоқ билан қуролланади. Хонадон ётоқхонасидаги кароват остига яшириниб, Хуморанинг қайтишини кутади. Гўёки Хумора уйга жазмани билан қайтади, у эса хотинини “жиноят” устида қўлга олмоқчи бўлади. Бироздан сўнг спиртли ичимлик таъсирида каравот тагида ухлаб қолади...

Бегуноҳ инсон пичоқланди...

Хумора Комилова турмуш ўртоғи Ихтиёр Содиқов уни уриб, тан жароҳати етказганлиги ва доимий тажовузларидан қўрқиб, Сергели туман ИИО ФМБга мурожаат қилади. Суриштирув ҳаракатларида иштирок этиб, Сергели туман ИИО ФМБ тезкор ходимлари кузатувида вақтинчалик яшаш манзилига қайтиб келади. Хумора Комилованинг чақириғига кўра, ўз хизмат бурчини бажараётган, Сергели туман ИИО ФМБ ЖҚБ тезкор вакили Б.Худайқулов хонадонни кўздан кечиради. Хотинининг бегона эркак билан кириб келганини кўрган, Ихтиёр Содиқов каравот тагида ётганча уларни кузата бошлайди. Фуқаролик кийимида бўлган Б.Худайқулов каравот тагини текшириб, у ерда яшириниб ўтирган Ихтиёрни тортиб чиқаради. Рашк ўти кўзини кўр қилган Ихтиёр Содиқов уни Хуморанинг жазмани, деб ўйлаб, қўлидаги ошхона пичоғи билан қорин қисмига икки марта уриб, қасддан тан жароҳати етказади. Воқеа жойидан яширинмоқчи бўлганида мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ ходимлари томонидан қўлга олинади.

Ҳукм ўқилди

Ихтиёр Содиқов ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор, деб топилди. ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан И.Содиқовга узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Фаррух Тураходжаев, Тошкент шаҳар судининг Жиноят ишлари бўйича судьяси, 

Лола Шоимова, журналист .

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар