Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, оқ ювиб, оқ тарайди. Жигарбандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Аммо беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳаётда фарзандининг ҳаётига зомин бўлган, гулдек боласининг қотилига айланган инсонлар ҳам учрар экан...
Ўғлининг мурдасини ертўлага кўмди
Судланувчи Маҳмуд Асроров (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йилнинг 27 август куни соат 18:30 ларда ўзи истиқомат қиладиган Яшнобод туманидаги хонадонида ўғли Мирали Асроровни спиртли ичимлик ичганликда айблаб, уни уй ҳовлисига олиб чиқади. Кетмон дастаси билан бош қисмига, сўнгра чап биқини – қовурға устига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдиради. Кейин жиноят изини йўқотиш мақсадида 2018 йил 28 август куни мурдани ўз уйининг ертўласига кўмади. 2018 йил октябрь ойида, жиноят фош этилмаслиги учун мурда кўмилган жой устини цемент сувоқ билан қоплайди. Марҳумнинг синглиси Латофат Жумаева акаси йўқолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганидан сўнг, 2019 йил октябрь ойининг охирларида қилган жинояти фош бўлмаслиги мақсадида, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ертўлаги цемент сувоқни кўчиради. Ўғли Мирали Асроровнинг мурдасини кавлаб олиб, уйининг том қисмига яширади. Орадан вақт ўтиб, 2020 йил 14 февраль куни мурдани қўшнисининг том қисмига олиб ўтиб, яширади.
“Қизимнинг гапидан юрагимга ғулғула тушди...”
Суд мажлисида судланувчи Маҳмуд Асроров ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагича кўргазма берди:
– Рафиқам вафот этгандан кейин ўғлим билан бирга яшай бошладик. Қизим Латофат Жумаева турмушга чиқиб кетган. Ўғлим Мирали Асроровни жаҳл устида ўлдириб қўйганимдан сўнг 103 га қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Аммо қилмишим фош бўлишидан қўрқдим. Қариндош-уруғларни йиғиб, маслаҳат қилмоқчи ҳам бўлдим, лекин қўни-қўшниларни олдида шарманда бўлишни, ўз боласини ўлдирибди, деган иснодга қолишни истамадим. Шу тариқа бир соатча ўйланиб ўтириб, 20 йил илгари бедарак йўқолиб, топилмаган амакимнинг ўғли эсимга тушди. Ўғлимнинг мурдасини кўчага бирор жойга ташлаб келмоқчи бўлдим, аммо кимдир кўриб қолишидан хавотирландим. Шундан кейин мурдани уй ертўласига кўмдим. Ҳиди чиқмаслиги учун устини цемент билан сувоқ қилдим. Қизим акасини сўраганда “Ғазалкентга ишлашга кетди”, деб алдадим. Орадан бироз вақт ўтгач, Латофат яна акасини сўради. Мен уни “Мирали Россияга кетганлиги ҳақида кичкина қоғозга ёзиб қолдириб кетибди”, деб алдадим. 2019 йил май ойининг ўрталарида мени туман ички ишлар бўлимига чақиришди. Борсам, қизим Латофат акаси бедарак йўқолганлиги юзасидан ариза берган экан. ИИБ ходими ўғлим Миралининг Ўзбекистондан чиқмаганлигини, чунки барча чегара постларидан маълумот олганлигини айтиб, унинг қаерга кетиши мумкинлиги ҳақида сўради. Мен ходимни чалғитиб, “Агар у Россияга кетмаган бўлса, Ғазалкентда ишлаётган бўлиши мумкин”, дедим. 2019 йилнинг октябрь ойида Латофат уйга келиб, “Онам билан акам тушимдан чиқмаяпти. Акам ертўлага ўхшаган қоронғи жойдан чиқолмай, йиғлаяпти”, деди. Латофатнинг бу гапидан юрагимга ғулғула тушди. Ўғлим кўмилган жойни кавлаб, мурдани тортдим. Мурда чириб кетганлиги боис, оёқ қисми узилиб, тупроқ тагида қолди. Мен унинг гавда қисмини тортиб олиб, оқ целофан пакетга ўраб, томга олиб чиқдим. Эртаси куни ертўлани кавлаб, оёқ қисмини ҳам топиб, қолган суякларга қўшдим...
“Жазо тайинлашни судга ҳавола қиламан”
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили сифатида Латофат Жумаева қуйидагиларни маълум қилди:
– Акам Мирали Асроровни охирги маротаба 2018 йилнинг июль ойида кўрганимда унинг кўзи кўкарган, юзлари шилинган эди. “Яна ота-бола уришдингларми?” деб сўраганимда, акам “Сен-ку, эрга тегиб қутулдинг, калтак менинг бошимда синяпти” деди. “Нимага унақа деяпсиз?” десам, “Отамга биз керак эмасмиз, у хотин олиб, хотин қўйиш билан овора...” деди. Шунда отамнинг “Аканг на ўзи уйланади, на мени уйланишга қўяди, уни ўлдириб тинчийман шекилли...” деган гапи эсимга тушди. Орадан бир ой ўтиб, уйга борганимда отамдан акамнинг қаердалигини сўрадим. Аввал Ғазалкентга, кейин Россияга ишлашга кетганини, қўнғироқ қилиб турганини айтди. Акамнинг телефон рақамини сўраганимда, “Телефоним сувга тушиб кетди, қарасам акангнинг рақами ўчибди” деди. Шундан кейин отамдан шубҳалана бошладим... Айни пайтда отамга нисбатан даъвом йўқ, жазо тайинлаш масаласини судга ҳавола қиламан.
Ҳукм ўқилди
Судланувчи ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилди. Унга нисбатан11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шерзод ЭШМАТОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси
Лола Шоимова, журналист