Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати хабар берди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагог кадрлари учун малака (тест) синовлари ўтказиш жадвали эълон қилингач, айрим ўқитувчилар нима учун жисмоний тарбия фани рўйхатда йўқлигини сўраб мурожаат қилишмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 106-сон қарори билан юқори меҳнат самарадорлигига эришаётган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини муносиб рағбатлантиришни ташкил этиш мақсадида бир қатор қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган (https://lex.uz/docs/4742968).
Жумладан, Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган қўшимчага кўра, таълим муассасаларининг қуйидаги жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:
- туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
- вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);
- халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1, 2 ва 3-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).
Шунингдек, ушбу қарорда жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун малака синовлари (тест синовлари) ўрнига назарий ва амалий синовларини ўтказиш белгиланган.
Педагог кадрларнинг аттестация натижаларини баҳолаш мезонларига кўра назарий синов 4 та саволдан иборат бўлади, ҳар бир саволга берилган жавобдан келиб чиқиб баҳоланади –– назарий синов 40 баллгача (ҳар бир савол учун 10 балл);
амалий синов 4 та жисмоний машқдан (100 метрга югуриш, жойидан туриб узунликка сакраш, турникда тортилиш (эркаклар учун), гимнастика ўриндиғига таяниб, қўлларни букиш ва ёйиш (аёллар учун), ётган ҳолда қўлларни бош орқасига қўйиб гавдани кўтариш) кабилардан иборат бўлади.
Ҳар бир топшириқнинг белгиланган вақтда, тўлиқ, тўғри ва сифатли бажарилганлиги мазкур баҳолаш мезонларининг иловасига мувофиқ Давлат мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта, ўрта махсус, бошланғич профессионал, ўрта профессионал, ўрта махсус профессионал ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун амалий синовлар нормативлари асосида баҳоланади – амалий синов 60 баллгача (ҳар бир машқ учун 15 балл) баҳоланади.
❗️Малака тоифаларига талабгор педагоглар учун малака (тест) синов жараёнлари билан боғлиқ фойдали ахборотлар билан Таълим инспекциясининг телеграмдаги расмий канали (@uztdi) орқали танишиб боришингиз мумкин.