АсосийIqtisodiyot

Ўзбекистонда давлат органлари ва корхоналари томонидан техникалар харид қилиш кўрсаткичлари тасдиқланди

'Ўзбекистонда давлат органлари ва корхоналари томонидан техникалар харид қилиш кўрсаткичлари тасдиқланди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2021–2023 йилларда давлат органлари томонидан харид қилинадиган техникалар учун жами 1,934 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Таъкидланишича, Президент томонидан 3 апрель, шанба куни «Давлат органлари ва корхоналарини енгил тижорат автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Унда давлат органлари ва корхоналари томонидан енгил тижорат автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, уларнинг расмий дилерлари ҳамда дистрибьюторларидан харид қилиш кўрсаткичлари тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, 2021–2023 йилларда давлат органлари томонидан жами 2 770 та техника харид қилинади ва ушбу мақсадлар учун 1,934 триллион сўм ажратилади. Шунингдек, техникалар давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ сотиб олиниши келтириб ўтилган.

Шунингдек, вилоятларга «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида махсус техникаларни харид қилиш учун ҳудудий ободонлаштириш бошқармаларига 2021 йилда қўшимча 108,8 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шу билан бирга, туман (шаҳар)лардаги ички йўллар ва марказ кўчаларини таъмирлаш, реконструкция қилиш учун махсус техникалар харид қилинади. Бунинг учун Автомобиль йўллари қўмитасига 2021 йилда қўшимча 196,2 миллиард сўм маблағ ажратилиши қайд этилган.

Бошқа янгиликлар