АсосийDunyo

Ўзбекистон делегацияси Ҳиротда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантаналарда иштирок этди

'Ўзбекистон делегацияси Ҳиротда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантаналарда иштирок этди'ning rasmi

Бугун Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Навоий меросини ўрганиш бўйича дунёнинг етакчи адабиётшунослари,  олимлари, илмий тадқиқотчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистондан таниқли навоийшунос олимлар, тадқиқотчилар, филологлар ва Алишер Навоий ижоди билимдонлари қатнашди. Улар ўз чиқишларида улуғ шоир шеърий ва насрий асарларида инсонпарварлик, маърифат, тинчликсеварлик каби юксак умуминсоний ғояларни куйлагани,  ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганини таъкидлади.

Заҳириддин  Муҳаммад Бобур Навоийга «Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўп айтгон эмас» деб таъриф берган сўзларига тўла асос борлиги қайд этилди.

Дарҳақиқат Навоий шеърияти - бу инсон турмуш тарзи ҳақидаги мукаммал тўпламдир. Унинг деярли барча ғазаллари ва асарларида инсонийлик, саховат, адолат, қийинчиликларни биргаликда енгиш каби эзгу мақсадлар мадҳ этилган. Қарийб олти аср ўтибдики, буюк мутафаккир  асарлари ва тинчликпарварлик ғоялари жаҳон тамаддуни хазинасидан муносиб ўрин эгаллаб,  авлодларга намуна бўлмоқда.

Ўзбек ва афғон халқлари ўртасида чуқур маданий алоқалар, маънавий ва тарихий мероснинг муштараклигига алоҳида урғу берилди. Ушбу бебаҳо меросда Навоий ҳаёти ва ижоди марказий ўринлардан бирини эгаллаб турибди ва буюк аждодимиз шеърияти чўққиларини англаб етишда бирлаштирувчи тамойил бўлиб хизмат қилмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон Президенти номидан афғон халқига совға сифатида чоп этилган Алишер Навоийнинг «Хамса» асари тақдим этилди. Ушбу совғани давлатимиз раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев топширди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ҳиротга амалий ташрифи давомида буюк шоир мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, Алишер Навоий қабрига гуллар қўйилди

    Бошқа янгиликлар