Кеча футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига чиқиш учун плей-офф ўйини ўтказилди. Унда Олмалиқнинг АГМК жамоаси меҳмонда Қатарнинг «Ал Гарафа» клубига қарши баҳс олиб борди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар бермоқда.
Ўйин кескин ва муросасиз кечиб, асосий вақтда ҳисоб очилмади. Бир вазиятда Александр Касян томонидан киритилган гол АГМК футболчиси ўйиндан ташқари ҳолатда қолди, деб инобатга олинмади.
Натижада ғолибни аниқлаш учун қўшимча бўлимларга мурожаат қилинди. Қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида олмалиқликлар таянч ярим ҳимоячиси Ёван Жокич томонидани киритилган гол ўйин тақдирини ҳал қилди ва Миржалол Қосимов шогирдлари ОЧЛнинг гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритди.
АГМКнинг бу ғалабаси ўз навбатида «Насаф» учун ҳам халқаро майдонлар сари йўл очди. Энди «аждарлар» ОФК кубогида иштирок этишади.
Эслатиб ўтамиз, клубларимизнинг Осиё майдонларидаги ягона титули айнан «Насаф» клуби томонидан 2011 йилда қўлга киритилган ва ўшанда қаршиликлар ОФК кубогини боши узра баланд кўтаришган эди.
ОЧЛ-2021. Плей-офф босқичи ўйини.
«Ал Гарафа» – АГМК – 0:1
Доха, «Суҳаим Бин Ҳамад» стадиони.
Гол: Ёван Жокич (120, 0:1).
«Ал Гарафа»: Юсуф Ҳассан, Тамим Ал Муҳаза, Моаяд Ҳассан (Отман Ал Яҳри 109), Юсуф Мутфа (Саид Ал Хаж 119), Ку Жа Чол, Эктор Эррера, Адлен Гедиура, Амро Сураж (Муаз Ал Салеми114), Ҳомам Аҳмад, Носсир Ал Аҳрак (Аҳмад Ал Жанҳи 69), Софян Ханни.
АГМК: Валижон Раҳимов, Дилшод Аҳмадалиев, Бобур Йўлдошев, Сардор Раҳмонов, Акром Комилов, Ёван Жокич, Санжар Турсунов (сардор), Санжар Шоаҳмедов (Мурод Тошматов 90), Элвин Фортес (Шоҳруҳ Гадоев 46), Александр Касян (Зафар Полвонов 90), Ҳусниддин Ғофуров (Миржамол Қосимов 90+1).