Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича устувор вазифалар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда. “Даракчи” мухбирининг йиғилишдан хабар қилишича, давлат раҳбари деярли барча вилоят раҳбарлари фаолиятига танқидий баҳо берди.
“Ҳамма ҳудуд ва сектор раҳбарлари бир ҳақиқатни тушуниб олишлари шарт. Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромади ва харид қобилиятини ошириш учун, ҳудудий ва ялпи ички маҳсулот барқарор ўсишини таъминлаш, барчамизнинг энг устувор вазифамиздир. Бу ишларни, албатта тадбиркорлар амалга оширади. Шу боис, биз қанчалик кўп маблағ берганимиз, шарт-шароитлар яратганимиз билан, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб, янгича ишламаса, натижа ва самара бўлмайди”, деди Президент.
Маълум қилинишича, ўтган йилда кичик бизнес субъектларига жами 120 триллион сўмлик кредит ва молиявий ёрдамлар ажратилган бўлса, шундан 86 триллион сўмлик кредит ажратилган, 21 триллион сўмлик кредит тўлови кечиктирилган, 12 триллион сўмлик субсидия ва солиқ имтиёзлари берилган.
Натижада, пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхоналар фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсди.
Электр энергиянинг улгуржи истеъмоли ўтган йил 1-чорагига нисбатан 7 фоизга (900 миллион киловаттга кўп), биржадаги савдолар 46 фоизга ошгани (15 триллион сўм) ҳам, тадбиркорликни анча фаоллашганини кўрсатади. Жорий йил биринчи чорагида 27 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга (25,6 триллион сўм берилган) ўсди.
Шунингдек, қуйидаги камчиликлар келтириб ўтилди:
- Салоҳияти юқори бўлган Қашқадарё вилоятида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми аҳоли жон бошига атиги 1,9 миллион сўмга тўғри келиб, бу – республика кўрсаткичидан 2 баравар паст (3,5 миллион сўм). Қашқадарёда аҳоли жон бошига йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми, 3 миллион сўмдан ошмаган ёки бошқалардан 2 баравар кам.
- Ушбу вилоятда ҳар минг нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони атиги 4 та, уларда ишловчилар сони 16 нафардан иборат (республикада ҳар минг аҳолига 6 та тадбиркорлик субъекти ва уларда ишловчилар сони 30 тани ташкил қилади).
- Навоий вилоятидаги 7 мингдан ортиқ тадбиркорлар (24 фоиз) муаммолар ечилмаётгани, улар фаолиятига тўсқинликлар бўлаётгани ҳақида мурожаат қилган. Бу – ҳудудлар ичида энг салбий кўрсаткич.
- Навоийдаги жами 10 та кичик саноат зонасининг 72 гектар ёки 66 фоиз ерига бирорта лойиҳа жойлаштирилмаган. Навоийда ҳар бир кичик бизнес субъекти томонидан йилига 1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, солиқ тушуми 30 миллион сўмни ташкил этган (Андижон, Жиззах, Самарқандда йилига 2 миллиард сўмлик маҳсулот, 50 миллион сўм солиқ тушуми).
- Ўртача битта кичик бизнес субъектидан тушаётган солиқ тушуми Сирдарё, Бухоро ва Сурхондарёда – 40 миллион сўмни ташкил қилиб, республика кўрсаткичидан 1,5 баравар кам.
- Давлат томонидан берилган ҳар 1 миллиард сўм молиявий кўмак ҳисобига Бухорода – 35 та, Андижонда – 27 та, Сурхондарёда – 23 та иш ўрни яратилган бўлса, Навоийда – бор-йўғи 15 та.
- Ҳудудий дастурлар доирасида 2 мингта лойиҳага кредит тўлиқ ажратилган бўлсада (2018-2020 йилларда 11 триллион сўм), улар ишга тушмаган.
Уларнинг асосий қисми Наманган (309 та), Сурхондарё (293 та), Қашқадарё (280 та), Хоразмга (268 та) тўғри келади.
Шу сабабли, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Бўтаев, солиқ бошқармаси бошлиғи Бозоров, марказий банк раҳбари Ражабов, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Хасанов, марказий банк раҳбари Саидов ва солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мухаммадиевлар лавозимидан озод этилади.
З.Мирзаев, вилоят прокурори Тожиев, ички ишлар бошлиғи Сотволдиевга;
Турсунов ва вилоят прокурори Аҳмедовга “ҳайфсан” берилди.
“Қатъий огоҳлантириш, чорак якунигача ўзгариш бўлмаса, барчаси ишдан кетади. Навоий вилояти ички ишлар бошлиғи Тасбаев ва солиқ раҳбари Ботиралиевлар лавозимига жорий йил март ойида тайинланганини инобатга олиб, уларга 3 ой синов муддати. Ушбу янги раҳбарлар ҳам натижа кўрсатмаса, лавозимидан олинади. Шу билан бирга, Улуғнор, Узун, Ёзёвон, Деҳқонобод туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Андижон, Олтинкўл, Олот, Қоракўл, Оқолтин, Чилонзор, Мўйноқ туманлари, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари солиқ идоралари бошлиқлари ҳам лавозимидан бўшатилади. Бундан ташқари, Марказий банк, унинг ҳудудий бошқармалари ва тижорат банклари фаолияти ҳам талаб даражасида эмас.Шу сабабли, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Зохидовга “ҳайфсан” берилади. Агар 2 ой ичида иш услубида ўзгариш бўлмаса, маҳаллагача тушиб ишламаса, ташаббус кўрсатмаса, уни ҳам ишдан оламан”, деди Президент.