Аввалроқ, Қашқадарёда ўқувчиларга 2 баҳо қўйган ўқитувчи калтаклани ҳақида хабар қилгандик. Бугун, 12 апрель куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев 100 километрлик масофадан, яъни Қарши туманидан Чироқчига қатнаб ишлайдиган Шохнур Оққузиев билан онлайн режимда мулоқот қилди. «Nasafnews» мухбири хабарига кўра, бу мулоқотда вилоят ҳокими ўқитувчини калтаклаган «зўравон»лар ишини кескин қоралаган.
«Тарқалган хабарларни ўқидим. Биз бу ҳолатни ҳуқуқ-тарғибот идораларига айтдик. Барибир охирига етади. Жараён менинг ўзимни назоратимда. Сиз қишлоққа зиё тарқатишга боргансиз. Албатта буни қадрига етган одам етади. Қадрига етмаган одам барибир ўзини фарзандига ўзининг авлоди келажагига жабр қилади. Сизга ўхшаб фарзандини тил билишини хоҳлаган одам ундай иш қилмаслиги керак. Бу жудаям ахлоқсизлик, мен жуда ёмон баҳолайман бу ҳолатни»,- дейди Зойир Мирзаев.

Ҳоким мулоқот давомида Чироқчидаги фаоллар, депутатлар мазкур масалага ўз муносабатини билдирмагани ва эътиборсиз қарашгани ҳақида ҳам гапириб, энди ўқитувчини шахсан ўзи қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Унинг пластик картасига узоқ ҳудудга қатнаб ишлаётгани туфайли йўлкира ҳақи учун 10 млн сўм пул ўтказиб берилишини айтди.
Мулоқот давомида Шохнур Оққузиевнинг онаси Инобат Қурбонова билан ҳам суҳбат ташкил қилинди. Ҳоким ўқитувчининг онасидан оиланинг шароити ҳақида сўради.






