Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда маълум қилинишича, 18 апрелдан карантин қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш янада кучайтирилади.
Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолиятини зудлик билан тўхтатиш ва 2 ҳафтага карантинга олиш белгиланди. Ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибида фаолият юритади.
Йирик савдо мажмуалари ва бозорларда, дўконларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши, жумладан, қўлларни антицептик воситалари билан зарарсизлантириш, одамларнинг тиббий ниқоб тақиши, ижтимоий масофа сақлаши қатъий назорат қилинади.
Айни Рамазон ойида таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш, ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш зарур.
Шунингдек, концерт томошаларига ҳам чекловлар ўрнатилади. 1 майдан бошлаб, концерт томоша тадбирларини ёпиқ масканларда ўтказишга қатор чекловлар белгиланди.






