Куни кеча "Бола ҳуқуқлари бўйича вакил: Китоб туманидаги 5- Меҳрибонлик уйини тугатиш керак!" сарлавҳали хабар эълон қилинган эди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйида 65 нафар (шундан қизлари 28 нафар) тарбияланувчилар бўлиб, уларнинг 15 нафари чин етимларни ташкил этади.
Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик ўйида тиббиёт, стомотология, беморларни алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали эканлиги, болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун муассасада етарли шароитлар мавжуд эмаслиги, мебеллар эскирганлиги, соғлом овқатлантиришдаги камчиликлари, овқатланиш меъёрларига амал қилинмаганлиги, санитария-гигиена талабларига риоя этилмаганлиги каби камчиликлар қайд этилган.
Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйи 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, мослаштирилган биноларда жойлашган, 125 ўринга мўлжалланган.
Ҳолат юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараган Меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан ўз лавозимларидан озод этилган, дейилади вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати хабарида.