my5
Sevimli

Ҳукмдор Усмон, Моҳидаврон султон ва шаҳзода Мустафо мақбаралари – улар бугун қандай кўринишда? (фоторепортаж)

МОЗИЙДАН САДО 20.04.2021, 13:36
Ҳукмдор Усмон, Моҳидаврон султон ва шаҳзода Мустафо мақбаралари – улар бугун қандай кўринишда? (фоторепортаж)

Бурса. Истанбулдан пуллик магистрал йўли орқали борганда 115 км, айланма йўл орқали борганда эса 153 км узоқда жойлашган шаҳар. Хўш, нима учун айнан Бурса? У Усмонийлар салтанатининг биринчи пойтахти, Султон Усмон Ғозийдан тортиб, баъзи авлодлари боқийликка рихлат қилган зиёрат шаҳар. Юзлаб масжид-у мақбаралар, этник қишлоқлар-у Улуғтоғ ёнбағирлари – хуллас, инсонга тарихдан ҳаяжон, табиятдан эса лаззат улашувчи Бурса валилигига қилган саёҳатимиз давомида биз кўришга улгура олган масканлар ҳақида ҳикоя қиламиз. Аминмизки, бундан зерикмайсиз. 

Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда Истанбул, Узкудар ва Бурсадаги бир қанча объектлар – Истиқлол кўчаси, Галата минораси, Фотиҳ Султон Панорама музейи, Ўзбеклар теккеси, "Хиноли қор" сериали суратга олинган қишлоқ ҳамда биринчи ва иккинчи Аё София мажмуаларига саёҳат қилганимиз ҳақида ёзган эдик. Бугун эса биз ҳали Бурсанинг сизларга кўрсатишга улгурмаган қадамжолари билан таништирамиз. 

Султон Усмон Ғозий мақбараси

Султон Усмон Ғозий (1258-1326-й.)

Султон Уcмон I – биринчи Усмоний ҳукмдор. Ўғуз туркларининг Кайи қабиласидан бўлган Эртуғрулнинг ўғли. У вафотидан олдин ўғли Ўрхон Ғозийга агар дунёдан ўтса, уни Улуғтоғ этагидаги Авлиё Эля монастрлиги ҳудудини забт этиб, айнан ўша ибодатхонага уни дафн этишини васият қилади.

Султон Усмоннинг ўғли шаҳзода Ўрхонга васияти

 Васиятига биноан у ҳудудлар Усмонийлар тасарруфига ўтади ва христиан ибодатхонаси 14-асрдан бошлаб Султон Усмон Ғозий мақбарасига айлантирилиб, ўша ерда дафн этилади. Мақбарани 24 соат давомида Усмоний аскарлари ҳарбий кийимида соқчилар ҳали ҳамон “қўриқлаб туради” ва ўтган Усмоний ҳукмдорлар ҳақларига узлуксиз Қуръон тиловати тинмайди. 

Аскар

Усмон Ғозий қабри ёнида унинг невараси шаҳзода Иброҳим, келини Аспорча хатун ва султон оиласига мансуб бир нечта шаҳзода ва маликалар дафн этилган. Усмон Ғозий мақбараси ёнида эса яна бир – Ўрхон Ғозий мақбараси ҳам ўрин олган. Унда Ўрхон Ғозий (1281-1360-й.) ҳамда унинг оиласига мансуб бир қанча шаҳзода ва маликалар дафн этилган.

Усмон Ғозий мақбараси

Улуғ Жомъэ 

Улуғ Жомъэ 

1399 йилда Усмоний ҳукмдор Султон Боязид I томонидан бунёд этилган ушбу масжиднинг тарихи жуда қизиқ ва шу қизиқ тарихи учун ҳам бу масжидга сайёҳлар қадами узилмайди. Айтишларича, Можаристоннинг Никопол қалъасини забт этишга кетаётган Султон Боязид (тўртинчи Усмоний ҳукмдор) агар урушда ғалаба қилса, 20 та жомъэ масжидлари қурдиришга ваъда беради. 1396 йил 25 июлдаги Никопол қалъаси фатҳидан сўнг, Султон Боязид молиявий жиҳатдан анча заифлашиб қолади ва 20 гумбазли ушбу масжидни қуради.

Никопол қалъаси фатҳи

У шу тариқа ваъдасини бажаришга эришади. Улуғ Жомъэ бугунги кунда Бурсанинг энг йирик марказий масжиди ва саёҳлар учун энг қизиқ тарихли мажмуадир.

Масжиднинг ички кўриниши

Моҳидевроннинг ўғли шаҳзода Мустафо мақбараси 

Мустафо мақбараси
Шаҳзода Мустафо (1515-1543 -й.)

Барчамиз севиб томоша қилаган “Муҳташам юз йил” телесериали қаҳрамонларидан бири шаҳзода Мустафонинг мақбараси ҳам айнан Бурсада жойлашган. Шаҳзода Мустафо (Султон Сулаймон ва Моҳидаврон султоннинг ўғли) 1515 йилнинг 6 августида Манисада туғилган. Маниса ва Амасия санжак беки (бейи) бўлиб фаолият юритган Мустафога 1549 йилда Усмонийлар ва Сафавийлар урушидаги фаол иштироки учун Коня беклиги берилади. Таҳминларга кўра, Султон Сулаймоннинг бош аёли Хуррам султон ва Рустам пошо орасида тузилган иттифоқ туфайли Мустафонинг ҳаёти хавф остида қолади. Чунки Хуррам султон бу пайтда катта ўғли шаҳзода Меҳмеддан айрилган ва кейинги ўғиллари шаҳзода Селим ва шаҳзода Боязиддан бирини тахтга чиқариш ҳаракатида бўлади. Султон Сулаймон Форс юриши пайтида унинг қўшини Эреглида тўхтайди. Шу пайт Бош вазир, Султоннинг куёви Рустам пошо шаҳзода Мустафога отасининг қўшинига қўшилишини таклиф қилади. Шу билан бирга у Султонни огоҳлантириб, Мустафо уни ўлдириш учун келаётганига ишонтиради. Рустам пошонинг таклифини қабул қилган Мустафо отаси билан учрашиш учун келиб, унинг чодирига кирганда Сулаймоннинг қўриқчилари Мустафога ҳужум қилади ва шаҳзода Мустафо Рустам пошонинг ўнг қўли бўлган Маҳмуд оға томонидан 1543 йил 6 октябрь куни 38 ёшида ўлдирилади.

Мустафонинг ўлдирилиши

Шаҳзодани сахийлиги ва жасурлиги туфайли яхши кўрган халқ бу адолатсиз қатлда Хуррам султон, Рустам пошо ва ҳатто Султон Сулаймонни ҳам айблашади, яничар ҳарбийлари эса султонга қарши исён кўтаришади. Қатлдан сўнг Султон Сулаймон Рустамни бош вазирликдан озод қилиб, уни Истанбулга юборади. Мустафони ҳам Истанбулга дафн этишни буюради. Аё Софияда бир ҳафта тургандан сўнг, уни Бурсадаги мазкур мақбарага дафн этишади.

Мустафо қабри

Маҳидаврон эса...

Моҳидаврон султон (1500-1581-й.)

Ўғлининг вафотидан Бурсага кўчиб келган Моҳидаврон жуда қийинчиликда ҳаёт кечириб, ҳаттоки, яшаш учун ижара пулини тўлай олмаслик даражасида ҳоли хароблашиб қолади. Султон Сулаймон ҳукмронлигининг охирларига келиб, султон буйруғи билан унинг қарзлари тўланиб, уй сотиб олиб берилади. Хуррам султоннинг ўғли шаҳзода Селим Моҳидавронни молиявий ҳимоясига олади. У 1581 йил 3 февраль куни 81 ёшида вафот этади ва ўғли шаҳзода Мустафонинг ёнига Муродия мажмуасида дафн этилади. 

Моҳидавроннинг қабри

Баъзи суратлар турли интернет платформаларидан олинди

Сардорбек Раҳмонқулов

 

 

 

Шарҳлар