Россия Федерациясининг “АНТЭК” компаниясига ишга жалб қилинган фуқаролар ҳақида ижтимоий тармоқларда турли хабарлар тарқалмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат ўрганилгани юзасидан расмий баёнот берди.
“АНТЭК” қурилиш компаниясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинди:
"Вазиятни ўрганиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари С.Мансуров, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси маслаҳатчиси А.Зиямухамедовлар воқеа жойига борди, фуқаролар ва масъул шахслар билан учрашиб, ҳамюртларимизнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан танишди.
Ўрганиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди:
- фуқароларнинг карантин шароитида бўлиш даври чўзилиб кетган. Россия Федерацияси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш бўйича федерал хизмати (Роспотребнадзор) томонидан ўтказилган текширишлар натижасида айрим фуқароларда коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли улар икки ойга яқин вақт давомида карантин ҳудудида бўлиб турибди;
- иш берувчи ташкилотлар ходимлари томонидан ишчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари олиб қўйилган.
Натижада, карантин ҳудудида бўлиб турган фуқароларда ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни расмийлаштириш учун ваколатли органларга мурожаат қилиш муддатининг ўтиб кетаётгани ва расмийлаштирилган патент учун тўловларнинг амалга оширилмаётгани сабабли бекор бўлиши каби хавотирлар пайдо бўлган.
Шунингдек, фуқаролар учун овқат ташкил этиш билан боғлиқ ҳамда ётоқхона хавфсизлиги ходимлари билан муаммолар юзага келган.
Айни пайтда ушбу вазият назоратга олинган бўлиб, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, хусусан, паспортларни фуқароларга қайтариш, қурилиш объектларида иш бошлаш жараёнини тезлаштириш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш бўйича «АНТЭК» МЧЖ раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда.






