АсосийJamiyat

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?

'Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?'ning rasmi

Албатта ҳар бир ишни бошлашдан олдин бажарувчи томонидан амалга оширилаётган вазифадан келиб чиқиб, ушбу ишга нисбатан кўп омилли таъсирлар чуқур ўрганилиб чиқилади. Табиийки, ҳар бир инсон, боринки катта бир корпорация ёки давлатлар, режалаштирган ишининг натижаси аъло даражада бўлишини истайди ва шу тарзда фаолиятларини олиб боришади. Ўз ўрнида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳам кенг кўламли, узоқ вақт ва кўп маблағ талаб қилишини инобатга олиб тадбирга пухта тайёргарлик кўришни талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг Рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш ва ўтказиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дуснаев Шерзод Эргашевич бу борадаги саваолларга жавоб беради.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима?

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш бу – ҳар ўн йилда бир маротаба аҳолини рўйхатга олишнинг асосий босқичи ҳисобланиб, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий ва методик принципларини, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлашнинг технологик жараёнларини синовдан ўтказишга имкон берувчи амалий тадбир ҳиобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири уч босқичда амалга оширилиб, ушбу босқичларнинг биринчиси яъни тайёргарлик босқичида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Шунинг учун ушбу босқич аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун жуда ҳам муҳим ҳисобланади.

Бу борада халқаро тавсия ва амалиёт нима дейди?

БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси аъзо давлатларга ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади. БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг аҳолини рўйхатга олиш бўйича экспертлари тавсияларига кўра аҳолини ялпи рўйхатдан ўтказишнинг барча жараёнлари бўйича пухта тайёргарлик кўриш мақсадида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни амалга ошириш зарур ҳисобланади.

Халқаро ташкилотлар экспертлари фикрлари ва хорижий давлатлар тажрибаларига асосан аҳолини синов тариқасида рўйхатга олишни ўтказиш аҳолини ялпи рўйхатдан ўтказиш вақтидан камида 
2 йил олдин амалга ошириш ва жами аҳолининг 2,0% идан ошмаган ҳолда қамраб олишни таъминлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

БМТнинг 2015 йил 10 июнда қабул қилинган “2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури” Резолюцияси доирасида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш МДҲ давлатларида жумладан: 

- Белорусь Республикасида 2017 йил 2-13 октябрь кунлари 1 та;

- Қозоғистон Республикасида 2018 йил 1-30 апрель кунлари 2 та;

- Россия Федерациясида 2018 йил 1-31 октябрь кунлари 11 та туман ва шаҳарларида ўтказилди. Шунингдек, Молдова ва Туркманистон Республикаларида 2021 йилнинг март ва декабрь ойларига ўтказилиш режалаштирилган. 

Айрим давлатларда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Қонун билан (Арманистон, Молдова, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари), баъзиларида эса ҳукумат қарорлари билан белгилаб қўйилган. Ҳар бир давлат синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда, жами аҳолининг неча фоизини қамраб олиш ва қайси ҳудудларни танлаб олишни ўзи белгилайди.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш аҳолининг ялпи рўйхатга олишга тайёргарлик кўришда узоқ вақтдан бери амалга оширилаётган амалиётдир, чунки у кенг миқёсли услубий технологик
ва ташкилий масалаларни ишлаб чиқишга имкон беради.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирига қандай тайёргарлик кўрилади?

Ушбу тадбирга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда қуйидаги ишлар амалга оширилади. Жумладан, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом, услубий қўлланмалар, ўқув материаллар ҳамда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг дастури ва рўйхатга олиш варағи шакллари ишлаб чиқилади.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишдан 7 ой олдин синов ўтказиладиган ҳудудларда туман (шаҳар) аҳолини рўйхатга олиш бўлимлари ташкил этилади ва уларга 3 кишидан ходимишга қабул қилинади, ушбу туман (шаҳарлар)да 6 ой олдин уй жой рўйхатини тузувчилар (регистраторлар, 1 кишига ўртача 
750 та хонадон) ишга қабул қилинади ва 1 ой мобайнида ўзига бириктирилган ҳудуднинг хариталарини жойидаги ҳолат билан солиштириш ва уй-жойлар рўйхатини тузиш ишлари билан шуғулланади, 1 ой олдин Рўйхатга олиш участкаси ташкил этилади ва ҳар бир участкага 5 тадан инструкторлик ва стационар участкалар бириктириб, 2 кишидан ходим ишга қабул қилинади, шунингдек, 1 ой олдин Инструкторлик ва стационар рўйхатга олиш участкалари ташкил этилади ва ҳар бир инструкторларга 5 тадан рўйхатга олувчи ходимлар бириктирилиб, 1 нафар инструктор ходим ва 1 нафар стационар ходим ишга қабул қилинади. 

Шу билан бир қаторда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун ҳудудлар танланади, ушбу ҳудудларнинг картографик материаллари (маъмурий туман хариталари ва аҳоли пунктларининг схематик режалари) тайёрланади, картографик материаллар жойидаги ҳолат билан солиштирилиб уй-жойлар рўйхати тузилади, танланган ҳудудлар ҳисоб, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкаларига ажратилади
ва синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режаси ишлаб чиқилади.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш учун ҳуқуқий асос ва уни ўтказиш тартиби нималардан иборат? 

Маълумки, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддаси синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш белгиланган бўлиб, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади деб кўрсатилган.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарорига асосан 2021 йил 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш белгиланди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом, Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш дастури, Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари, Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳамда натижаларини эълон қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари бешта шаклдан иборат бўлиб, яъни қуйидагилар: 

1-шакл. “Турар жойнинг хусусиятлари ва унда яшовчилар рўйхати”. Ушбу шакл Турар жой хусусиятлари бўлими, Уй хўжалиги аъзолари узоқ вақт фойдаланадиган воситалар билан таъминланганлиги ҳақидаги бўлим ва Ушбу жойда яшовчи уй хўжаликлари сони ва уй хўжалиги аъзолари рўйхати тўғрисида бўлимлардан ташкил топган; 

2-шакл. “Шахсга оид саволнома”. Ушбу шаклга асосий демографик кўрсаткичларга тегишли саволлар, аҳолининг миллий хусусиятлари ва фуқаролигига тегишли саволлар, аҳолининг таълим даражасига тегишли саволлар, уй хўжалиги аъзоларининг иқтисодий ҳолатига тегишли саволлар,аҳолининг бандлигига тегишли саволлар ва болалар сонига тегишли саволлар киритилган; 

3-шакл.Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган чет эл фуқаролари учун саволнома”. Ушбу шаклда Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган хорижий давлатлар фуқаролари 
ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги шахсга оид маълумотларни йиғиш бўйича саволлар киритилган. 

4-шакл. “Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича саволнома”. Ушбу шакл махсус муассаса ва ташкилотларда рўйхатга олинадиган респондентлар учун мўлжалланган бўлиб, саволномада ушбу муассасада яшовчиларнинг асосий малумотлари рўйхати ёзилади ва шу билан биргаликда ҳар бир шахс  учун 2-шакл ҳам тўлдирилади.

5-шакл. “Вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун назорат варақаси”.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш жойидан бошқа жойда вақтинчлаик бўлиб турганларида, ушбу икки манзилда ҳам рўйхатга олиниб аҳоли сони сунъий равишда ошиб кетмаслиги, яъни бир шахсни икки маротаба аҳоли сонига қўшиб юборишнинг олдини олиш мақсадида назорат варақаси ишлаб чиқилган. 

Ушбу назорат варақаси 3 бўлимдан иборат. 1-бўлимда респондентнинг вақтинча яшаб турган манзили тўлиқ тўлдирилади, 2-бўлимда респондентнинг доимий яшаш манзили тўлиқ тўлдирилади. 3-бўлимни аҳолини рўйхатга олиш бўлими ходимлари томонидан тўлдирилади. Назорат варақаси ҳамда ушбу респондент учун тўлдирилган 2-шакл респондентнинг доимий яшаш манзили бўйича аҳолини рўйхатга олиш бўлимига жўнатилади. Ушбу жараёнда, назорат варақаси ҳамда 2-шакл келиб тушган аҳолини рўйхатга олиш бўлими масъул ходими назорат варақаси ҳамда 2-шакл текширилади ва респондентнинг ўз сўзлари асосида ва тўлиқ тўлдирилган 2-шакл қолдирилади иккинчи нусхаси эса белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Синов тариқасидаги аҳолини рўйхатга олиш қуйидаги муддат ва тартибда ўтказилади.

1-5 ноябрь кунлари – интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш (5 кун), яъни ушбу амалиёт деярли барча хорижий давлатларда қўлланилмоқда, бунинг натижасида вазирлик, идоралар, корхоналар, ташкилотларда ишлаётганлар ва хорижий давлатларда ишлаётган ёки таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва бошқа интернет фойдалана оладиган аҳоли қатлами учун интернет тармоғи орқали синов тариқасида аҳолини рўйхатдан ўтказиш жараёнида уларнинг қатнашишлари учун қулайлик яратилади. 

6-10 ноябрь кунлари – интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхатини шакллантириш (5 кун);

5 кун мобайнида интернет орқали аҳоли рўйхатидан ўтганлар ичидан синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ҳудудларига тегишлилари ажратиб олинади ва ушбу манзилларга рўйхатга олувчилар ташриф буюрмайди. 

11-22 ноябрь кунлари – аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида уйма-уй юрган ҳолда аҳолини рўйхатга олиш 
(12 кун, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага асосан), ушбу жараён синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг энг муҳим кулминацион даври ҳисобланади. Ушбу жараёнда рўйхатга олувчилар бириктирилган ҳудуди бўйича уйма-уй юрган ҳолда аҳолидан сўров ўтказиш орқали рўйхатга олиш саволномаларини тўлдиради.

Рўйхатга олиш жараёни тўлиқ қоғоз шаклида амалга оширилади. 

23-25 ноябрь кунлари – ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жой манзилларининг 10 фоизини танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганиш (3 кун), яъни, рўйхатга олувчилар томонидан аҳолидан сўров ўтказиш орқали уйма-уй юрган ҳолда тўлдирилган саволнома шаклларига ишонч ҳосил қилиш мақсадида ҳар бир рўйхатга олувчига бириктирилган ҳудудларнинг 10 фоизини танлама равишда назорат кузатуви амалга оширилади.

2021 йилнинг ноябрь ойида ўтказиладиган синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик жараёнлари қандай кетмоқда?

2021 йил ноябрь ойида ўтказиладиган синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирига пухта тайёргарлик кўриш албатта 2023 йил ноябрь ойида ўтказиладиган ялпи аҳолини рўйхатга олиш тадбирини халқаро талабларга мос ва сифатли ўтишини таъминлайди.

Бугунги кунда Давлат статистика қумитаси мутахассислари ва ҳудудий статистика органлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бир қатор кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириб келмоқдалар.

Жумладан, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва қочоқлар бўйича олий комиссияри бошқармаси (UNHCR) экспертлари, Европа иттифоқининг Ўзбекистонгдаги ваколатхонаси, Швецариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Россия Фидерацияси ҳукумати ва МДҲ статистика қўмитаси мутахассислари билан биргаликда онлайн вебинарлар ташкил қилиниб, тажрибалар ўрганилмоқда ва амалиётга тадбиқ этилмоқда ҳамда белгиланган 4 та ҳудуд бўйича алоҳида ҳар бир маҳаллаларга ходимлар бириктирилиб, маҳаллалар кесимида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг мазмун моҳиятини тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, ҳудудий телеканалларда видеороликлар намойиш этилмоқда, газеталарда мақолалар чоп этилмоқда, ҳудудий кадастр органлари билан ҳамкорликда маҳалла ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаларини жойлардаги ҳолат билан солиштирилмоқда, ҳудудий маҳалла органлари билан ҳамкорликда уй-жойлар ва хонадонлар ҳамда улардаги яшовчилар сони кўрсатилган ҳолда рўйхатлар шакллантирилмоқда ва бошқа ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишнинг услубий қўлланмалари ва бошқа (картографик материалларни тайёрлаш бўйича техник шартлар, саволнома варағи шакллари, саволнома варағи шаклларини тўлдириш бўйича йўриқнома, махсус гувоҳнома бўйича низом, вақтинчалик бинолар ажратиш бўйича қўлланма в.б.) ҳужжатлари тайёрланиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича тузилган ҳудудий комиссияларга ишда фойдаланиш учун етказилди.

Бугунги кунгача, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларини тўлдириш учун кетадиган вақт сарфини аниқлаш мақсадида 2020 йилнинг 2-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрининг Яшнобод таманидаги “Донишманд” ва 2020 йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги “Усмонобод” маҳаллаларини тўлиқ қамраб олган ҳолда тажриба тариқасида аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари ва уларни тўлдириш йўриқномаси лойиҳаларини дастлабки синовдан ўтказиш бўйича кузатувлар ўтказилди.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказиладиган ҳудудларда жумладан, Хўжаобод туманинг 36 та, Юқоричирчиқ туманинг 47 та, Яшнобод туманининг 58 та ва Хива шаҳрининг 21 та маҳалларининг хариталарини жойидаги ҳолат билан солиштириш ишлари якунланди. Ушбу ҳудудларда аҳоли говжум жойларига, марказий кўчаларига ва маҳалла идораларига синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни тарғиб этувчи баннерлар жойлаштирилди ва давом этмоқда.     

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш, унинг натижалари, ташкилий режалар, амалга оширилган ишлар, олинган тажрибалар албатта буларнинг ҳаммаси республикамизда 2023 йилнинг 1-25 ноябрь кунлари ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар