Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳудудлардаги хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
“Даракчи” газетаси мухбирининг йиғилишда келтирилган маълумотларга таяниб маълум қилишича, пандемиянинг салбий таъсири кўпроқ хизматлар ва сервисга тўғри келгани боис, ушбу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 24 та турдаги солиқ имтиёзлари, субсидия ва бошқа преференциялар тақдим этиш орқали, 35 триллион сўмлик кўмак берилган.
Масалан, ўтган йили тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат соҳасига 1 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари ажратилди.
Бундан ташқари, тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан соҳага қўшимча яна 14 триллион сўм кредитлар ажратгани ҳам, аҳолининг хизматлар бозорига қизиқиши юқорилиги, ҳали бу соҳада имкониятлар кўплигидан далолат беради.
Кенг имтиёзлар берилгани натижасида, сервис соҳаларида ўзини ўзи банд қилган 500 минг нафар фуқароларимиз, расмий рўйхатдан ўтди.
ЭНГ ЯХШИ НАТИЖА КЎРСАТГАН ҲУДУДЛАР
“Қайси ҳудуд, шаҳар ва туманлар ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган бўлса, ўз натижасини берди”, - деди Президент.
Аҳоли жон бошига умумий хизматлар ҳажми:
Жумладан, Қўқон ва Ширин шаҳарлари, Кармана туманида 6,5 миллион сўмни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори бўлган (6,4 миллион сўм).
Транспорт хизматлари:
Аҳоли жон бошига Қўнғирот ва Қоровулбозорда – 4 миллион сўмдан, Чирчиқ ва Урганч шаҳарларида – 3 миллион сўмдан тўғри келиб, энг яхши кўрсаткич сифатида қайд этилган (республика бўйича ўртача 1,6 миллион сўм).
Чакана савдо хизматлари:
Булоқбоши, Қибрай, Ўртачирчиқ, Янгийўл, Олот, Ғиждувон, Когон, Миришкор, Нишон, Конимех, Учқудуқ, Кармана туманларида нисбатан яхши ривожланмоқда.
Овқатланиш хизматлари:
Аҳоли жон бошига Қоровулбозор (745 минг сўм), Қўнғирот (455 минг сўм) ва Кармана (270 минг сўм) туманларида юқори кўрсаткичларни қайд этган.
ЭНГ ПАСТ НАТИЖА КЎРСАТГАН ҲУДУДЛАР
Аҳоли жон бошига умумий хизматлар ҳажми:
26 та, хусусан Беруний, Шуманай, Чироқчи, Қамаши, Гулистон, Ховос, Олтинсой, Қумқўрғон, Ўзбекистон, Ёзёвон туманларида бу кўрсаткич энг паст (2 миллион сўмдан кам).
Транспорт хизматлари:
Тахиатош, Элликқалъа, Арнасой, Зафаробод, Фориш туманларида транспорт хизматлари аҳоли жон бошига атиги 300 минг сўмни ташкил қилган.
Чакана савдо хизматлари:
Қонликўл, Тахиатош, Оқолтин, Ховос, Оҳангарон, Пскент туманларида ушбу хизматлар республика ўртача кўрсаткичидан 3 баробар паст.
Овқатланиш хизматлари:
Бахмал ва Ховосда – 11 минг сўм, Избоскан, Пахтаобод, Янгиариқ, Қўшкўпир, Бўстон туманлари ва Нурафшон шаҳрида – 15 минг сўмдан, Балиқчи ва Янгиқўрғонда – 17 минг сўмни ташкил этади.
Шунингдек, Бекобод, Боёвут, Ҳазорасп, Сергели, Оққўрғон туманларида давлат таълим муассасаларида, Паркент, Сирдарё ва Тупроққалъа туманларида тиббиёт муассасаларида тижорат хизматларини кўрсатиш даражаси ўта паст кўрсатгичлар қайд этмоқда.
“Бу йил 500 миллион доллар хизматлар соҳасига ажратяпмиз. Қайси давлат шундай оғир пандемия шароитида шунча маблағ беряпти?” – деди давлат раҳбари.