АсосийJamiyat

"Фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин" деган гап ғурурига тегмаган 65 нафар депутат..." Мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклиф Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланмади

'"Фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин" деган гап ғурурига тегмаган 65 нафар депутат..." Мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклиф Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланмади'ning rasmi

Бугун, 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг 2-муҳокамаси бўлиб ўтди. 

Мажлисда лойиҳанинг 12-моддаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Қўмита томонидан таклиф қилинаётган таҳрир:

12-модда.  

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади.

“Миллий тикланиш” ДП  фракцияси қуйидагича таклиф берган:

12-модда.  

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.  

Бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шарт. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилинади. 

Кескин муҳокамаларга сабаб бўлган қонун лойиҳасининг 12-моддасига қўмита берган таклиф ҳам, фракция берган таклиф ҳам қабул қилинмади. Қўмита мазкур моддани такомиллаштирадиган бўлди.

"Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг “Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, жавоблар давлат тилида бўлсин”, деган таклифига халқ вакилларининг муносабатидан парча келтирди:

"Бир ҳамкасбимизнинг “бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни ҳоҳлаймиз” деган гапи ҳам ғурурига тегмаган  65 та депутат...

Ўзбек тили ожиз...

Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтарканмиз. Ҳозирча узр, овозимиз камлик қилаяпти", - дея ёзиб қолдирди депутат.

    Бошқа янгиликлар