my5
Sevimli

Мен коррупционерман!

МУТОЛАА 29.04.2021, 01:11
Мен коррупционерман!

Ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, Бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлоновнинг 2020 йилда манзилли дастурларга йўналтирилган 10 трлн. сўм маблағдан 845 млрд. сўми талон-тарож қилингани, 3,5 трлн. сўмлик тендерлар ноқонуний ўтказилгани ҳақидаги ҳисоботлари ёки 800 млн. доллардан ортиқ қийматдаги “Бунёдкор” стадиони ва Ислом цивилизацияси маркази, Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, Молия вазирлиги бинолари қурилиш вазирининг қариндошларига алоқадор компания томонидан қурилгани ҳақидаги хабарларга кўзим тушди. Ҳаммаёқ коррупция, дея хунобим ошди. Чуқурроқ ўйлаб қарасам, ўзим ҳам ғирт коррупционер эканман. Ҳа, мен коррупционерман!

ЎЗБЕКЧА НОМИ – “СУЮНЧИ”

Опам фарзандли бўлди. Туғруқхонага шошдим. Онам пул олволишимни, уёққа боргач, устида оқ халати бор кимни кўрсам, суюнчисини беришим кераклигини айтдилар. Ахир, мен жиянли бўлдим! Нега энди тоға бўлиб бундай қилмаслигим керак?! Дўхтирларнинг бошидан пул сочишга тайёр турибманку... Туғруқхонага келсам, қатор бўлиб туришибди ҳаммаси. Тартибли экан, бирма-бир суюнчиларини бериб чиқдим.

МУДИРАНГНИ “РОЗИ ҚИЛ”

Жияним 3 ёшга тўлди. Боғчага гаплашиш керак. Биз икки йўл бор: ё мудирани “рози қилиб”, болани боғчада қолдириш, ёки умуман келмайдиган навбатга ёзилиш. Биз биринчи вариантни танладик. Иш битиши керак. Кейин билсам, боғча “опа”лар фалончи аканинг фарзандига яхши қарар, бунинг эвазига совға-саломлар олиб туришар экан. Биз ҳам жиянимизга яхши қарашларини хоҳлаймиз. Биздан нима кетди, биз ҳам совға берамиз...

“ЧИН КЎНГИЛДАН”

4 йил “лип” этиб ўтиб, бизни жиян мактабга чиқадиган бўлди. Энди унинг ўқитувчисига ҳар байрам-у тантанада “чин кўнгилдан” ҳадялар бериб туриш таомили бор экан. Кечирасиз, бу коррупция эмас! Биз бу ҳадяларни айтганимдек “чин кўнгилдан” қиламиз…

БАҲОГА “ИЛИНИБ” БЎЛМАЯПТИ

Ўзим талабаман. Университетда баъзи ўқитувчиларим қийнайверади-қийнайверади. Уч баҳоимни олишим учун битта 48 варақли умумий дафтар ёзиб тўлдирдим. Шунда ҳам баҳога “илиниб” бўлмаяпти. Умуман ўқимайдиган айрим курсдошлариларимга ҳайронман, қандай қилиб баҳосини олиб кетишаркин-а? Омади бўлса керак-да қурғурларни, деб турсам, “староста” келиб “3”га 50 000, “4”га 80 000, “5”га 100 000 сўм деб турибди. Мана гап қаерда экан! Ўзимни қийнаб ўтираманми? Шартта бели синмаган эллик мингталикни бервордим.

БОР УМИДИМ БЎЛАЖАК ИШХОНАМДАН!

Сессияни “ёпиб” бўлиб, яна ижтимоий тармоқларни кузатдим. Ажойиб хабарга кўзим тушди: “2021 йилнинг 17 февраль куни Кадастр агентлиги Зангиота туман бўлими бошлиғига енгил типдаги иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган ер майдонининг топографик съёмкасини тасдиқлаб бериш эвазига фуқаро томонидан 1000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилинган. Бўлим бошлиғи пора таклиф қилаётган фуқаро тўғрисида Зангиота туман Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар берган ва фуқаронинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари фош этилган. Бугун юқоридаги ташаббускор ходим Кадастр агентлиги раҳбарияти, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари, Тошкент вилоятидаги кадастр тизимининг барча раҳбар ва ходимлари иштирокида 10 миллион сўм пул мукофоти ҳамда Хонобод сиҳатгоҳига 2 кишилик йўлланма билан рағбатлантирилди”. Мана бўларкан-ку?! Тезроқ университетимни битириб, ишга кираман. Умуман пора олмайман. Бунинг эвазига менга рад қилган барча пораларим миқдорида рағбатлантиришлар берилади. Эътибор қилдингизми, рағбатлантириш сўзини қўштирноққа олмадим. Чунки у ўз маъносида қўлланилди. Мен хозир ва шу кунгача коррупционер эдим. Ишга кирсам, бор умидим ишхонамдан! У ерда мени рағбатлар кутмоқда! 

Сардорбек Раҳмонқулов

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси